Нурмат Отабеков: «Вакцина олишни мажбурий қилиш тўғри фикр»

Улашиш:

Аҳолини коронавирусга қарши вакцина билан мажбурий эмлаш коронавирусга қарши курашишда яхши самара бериши мумкин. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.

Нурмат Отабеков карантин чекловларининг 2020 йилдаги каби қатъийлаштирилиши аҳоли яшаш шароитига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

«2020 йил пандемия бошланган пайтда қўлланган қатъий ва кескин карантин чекловлар касаллик тарқалишининг олдини олишга сабаб бўлган эди. Ҳозирги кунга келиб яна коронавирусга чалинган беморлар сони ошишига қарамай аввалгидай қатъий карантин қўлланмаяпти. Чунки бундай карантин кўплаб оилаларда иқтисодий тангликни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам бундай кескин чоралар қўлланмаяпти.


Мақсадимиз одамларнинг онгига таъсир қилиш, тушунтириш орқали вазиятни изга солиш, барқарорлаштиришдир», деди Отабеков.
Шунингдек, коронавирусга қарши вакцина олишнинг мажбурийлаштирилиши Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалиши бартараф этилишига яхши чора ҳисобланиши айтиб ўтилди.

«Ўзбекистонда 3000дан ортиқ эмлаш пунктлари ва 800дан зиёд мобил бригадалар эмлаш учун шай қилинган. Ҳозир бу пунктлар яна кўпайтирилди. Лекин афсуски, шунча пунктларда бир кунда 130-140 минг нафар фуқаро эмланяпти. Бу рақам жуда кам, чунки аҳолининг 60-70 фоизи эмлансагина коронавирусга қарши оммавий иммунитет ҳосил қилиш мумкин. Вакцина олишни мажбурий қилиш тўғри фикр назаримда. Россиядаги каби эмланмаган фуқароларни ишга қўймаслик каби амалиётни ҳам татбиқ этиш керакдир», деди штаб аъзоси.

Маълумот ўрнида, коронавирусга қарши мажбурий эмлаш жараёни айрим давлатларда йўлга қўйилган. Масалан, Тожикистонда 18 ёшдан катта аҳоли коронавирусга қарши мажбурий эмланиши эълон қилинди. Москвада эса аҳолининг асосий қисмини мажбурий эмлаш йўлга қўйилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.