Бустер доза вакцина билан эмланишнинг сабаби нима? Буни қачон амалга ошириш керак? Мутахассис жавоби

Улашиш:

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков бустер доза вакцина билан эмланишнинг сабаби нимада, буни қачон амалга ошириш кераклиги хусусида айтиб берди.  

Бустер доза вакцина билан кимлар эмланади?

Бустер доза вакцина билан аввал икки ва уч компонентли тўлиқ вакцина курсини олган ҳамда вакцинанинг биринчи дозасини олганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган шахс эмланади.

“Бустер” сифатида коронавирусга қарши аввал қандай вакцина билан эмланганидан қатъи назар, мамлакатимиздаги коронавирусга қарши барча вакциналардан фойдаланиш мумкин.

Халқаро экспертларнинг фикрича, вақт ўтиши билан эмлангандан кейин ҳосил бўлган антитаначалар камая бошлайди. Бустер доза билан қўшимча (қайта) эмланиш эса бирламчи эмланишдан кейин ҳосил бўлган иммунитет даражасини қисқа муддатда ҳужайра даражасида аввал эмланганлик тўғрисида гуморал хотира мавжудлиги туфайли кўтариб беради.

Бустер доза вакцина неча марта олинади?

Мутахассислар COVID-19га қарши ҳозирча бир маротаба бустер доза вакцина олишни таклиф қилмоқда. Мабодо пандемия узоқ вақт давом этгудек бўлса, бустер дозага бир неча маротаба мурожаат қилиниши ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамизки, бустер доза вакцинадан фойдаланиш амалиёти анчадан бери мавжуд. Мамлакатда шол, қизамиқ, қизилча, бўғма каби қатор юқумли касалликлар вакцинопрофилактикаси жараёнида ундан фойдаланилган.

Мутахассисларнинг фикрича, бустер доза вакцина билан эмланиш “альфа”, “дельта” штаммларидан ташқари “омикрон” штамми билан чақирилган COVID-19 касаллигидан ҳам ҳимоя қила олади. Мабодо касаллик юқса ҳам, у жиддий асоратларсиз, енгил ўтиб кетади.

Маълумот учун, “бустер” сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, кўмакчи, ёрдамчи, тезлатувчи, жадаллаштирувчи каби маъноларни англатади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.