ОАВ: Трамп Гитлер ҳақида кўплаб ижобий фикрлар билдирган

Улашиш:

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп нацистлар собиқ раҳбари Адолф Гитлер ҳақида ижобий фикр билдирди, деб хабар бермоқда CNN. Телеканал Wall Street Journal журналисти Майкл Бендернинг ҳали нашр этилмаган «Биз сайловда ғолиб бўлдик: Трамп мағлубиятининг ҳақиқий ҳикояси», китобидан парчалар ҳам келтириб ўтган.

Бендерга кўра, Трамп 2018 йилда Парижга, Биринчи Жаҳон уруши тугаган кунига бағишланган сафари пайтида ўша пайтда Оқ уй штабининг бошлиғи бўлган Жон Келлига «Гитлер жуда кўп яхшиликлар қилган» деб айтган. Журналист ўз китобида Гитлер ҳукмронлиги даврида Германия иқтисодий ютуқларга эришганини қўшимча қилган.

Ўз навбатида, Трамп Келлинига Гитлер ҳақида юқорида келтирилган сўзларни айтганлигини рад этган.
«Бу мутлақо ёлғон. Президент Трамп ҳеч қачон бундай демаган. Бу, эҳтимол, қобилиятсиз ва ишдан бўшатилган генералнинг (Келли - таҳр.) сохта хабаридир», — деган Трампнинг матбуот котиби Лиз Харрингтон.

CNN шунингдек Трампнинг сўзлари тўғрисида шахсан Келлига ҳам мурожаат қилган. Ҳозирча Оқ уйнинг собиқ раҳбари телеканал саволларига ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтамиз АҚШнинг 46-президенти сайлови 2020 йил 3 ноябрда бўлиб ўтди. Уларни демократлар номзоди, собиқ вице-президент Жо Байден қўлга киритди. Республикачи Трамп сўнгги дақиқаларга қадар сайловларда мағлубиятини тан олмади ва Жо Байденнинг инаугурациясида қатнашишдан бош тортди. Бундай ҳодиса Америка тарихида сўнгги 150 йил ичида биринчи марта содир бўлди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.