Жиззахда 2 нафар фуқарони 18 минг АҚШ доллари эвазига хориж университетларидан бирига киритиб қўймоқчи бўлганлар ушланди. Фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах шаҳар бўлими ҳамда ДХХнинг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 2 нафар фуқарони 18 минг АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Департамент матбуот хизмати.
Маълумотга кўра, фуқаролар Г. Р. ва Ж.С.лар олдиндан тил бириктириб, икки нафар фуқарони ваколатли танишлари орқали эвазига хориж университетларидан бирига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
Улар $18 мингдан 5 800 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.