ДХХ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди

Улашиш:

Қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖнинг раҳбари ва юрист-консульти 4 нафар жиноий шериклари билан келишган ҳолда, бошқа бир қурилиш фирмаси бошлиғига Мудофаа вазирлигининг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларидан бирида режалаштирилган 65 млрд. сўмлик капитал таъмирлаш ишларини олиб бериш эвазига, шартнома қийматининг 4 фоизи миқдорида пул беришини талаб қилишади ва олдиндан 30 минг АҚШ доллари сўрашади.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур шахслар Мудофаа вазирлигининг умумий қиймати 110 млрд сўмни ташкил этувчи бошқа қурилиш объектларини сурхондарёлик икки мижозга олиб беришни режалаштирганликлари ҳам маълум бўлди.
 
Тошкент вилоятида кузатилган яна бир шунга ўхшаш ҳолатда эса 1973 йил Фарғона вилоятида туғилган шахс ва 1978 йил Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро Чиноз туманидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан бирининг раҳбари бўлиб ишловчи 1975 й.т. аёл ҳамда муқаддам хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тизимида фаолият юритган 1972 й.т. аёл билан келишган ҳолда, қурилиш фирмаси вакилига ушбу ҳудуддаги кўпқаватли уйларда умумий қиймати 5 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишларини олиб бериш эвазига ундан 25 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Ўтказилган тезкор тадбирда улар аванс сифатида 10 минг доллар олган вақтларида ушланди.
 
Тошкент вилоятида яшовчи, муқаддам ички ишлар идораларида ишлаган шахс жиноий шериги билан келишган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, унинг пул маблағини ўзлаштиришни режа қилади.

У ички ишлар органларидаги мансабдор танишлари орқали Тошкент шаҳрида яшовчи фуқарони ИИВ Академияси қошидаги сержантлар тайёрлаш мактабига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 13 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида фирибгарлар сўралган пулдан 6 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланди.
 
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида истиқомат қилувчи фуқаро автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчасини ташкил қилиш мақсадида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 240 млн. сўм кредит олиш учун “Агробанк”нинг туман филиалига мурожаат қилади. Бироқ банк ходимлари турли важлар билан унга кредит ажратишни кечиктириб келади.

ДХХ ва Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Агробанк”нинг Сардоба туман филиали иш ўрганувчиси ушбу кредитни олиб бериш эвазига 24 млн. сўм талаб қилиб, шундан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
 
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 

ДХХ матбуот хизмати
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.