Зангиотадаги ковид-марказда Миллий гвардия ходими ва фуқаро ўртасида жанжал содир бўлди

Улашиш:

Телеграм мессенжерида 2021 йилнинг 2 август куни «Мана, Зангиота ковид-марказидаги аҳвол» номли видеотасвир тарқатилган. Ушбу видеотасвирдаги ҳолат Миллий гвардия масъул ходимлари томонидан ўрганилди ва қуйидагилар маълум бўлди.

Қайд этилишича, 2 август куни соат 23:00 ларда фуқаро Э.З. онаси Л.Э.ни Зангиота тумани кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига (Зангиота-2) ётқизиш учун олиб келган.

Ушбу касалхона назорат ўтиш жойида хизмат олиб бораётган Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан навбатчи шифокорга хабар берилган.

Навбатчи шифокор чиққунига қадар фуқаро З.Э. шифохона хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат вазифасини бажараётган Қўриқлаш бўлинмаси ходимларига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб, уларни шаъни ва қадр-қимматини камситган ҳолда хизмат вазифасини бажаришларига тўсқинлик қилган.

Шунингдек, атрофдагилар эътиборини ўзига жалб қилиб жанжал келтириб чиқаришга ҳаракат қилган ва шифохонанинг тақиқланган ҳудудига кирмоқчи бўлган. (Ушбу хатти-ҳаракатлар тарқатилган видеотасвирда акс этган).

Кейинчалик шифохонада бўш жой юзага келиши билан бошқа беморлар қатори З.Э.нинг онаси ҳам навбат билан ушбу шифохонага ётқизилган.

Таъкидланишича, мазкур муассасага келган барча беморлар шифохонадаги мавжуд бўш жойлардан келиб чиққан ҳолда қабул қилиниши ва жойлаштирилиши йўлга қўйилган бўлиб, бунда касалларни қабул қилишда субъектив омилларга йўл қўйилмайди.

Фуқаро З.Э.нинг хатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилгани сабабли, ҳозирда Тошкент вилояти Зангиота тумани ички ишлар бошқармаси томонидан ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Суриштирув якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун суд идораларига тақдим этилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тиббиёт ходимлари томонидан қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этилса, уларга нисбатан ҳам ўрнатилган тартибда қонуний чоралар кўрилишини маълум қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.