Ҳуқуқий тарбия ёшликдан бошланмоғи лозим.

Улашиш:

 

Ёшларнинг таълим-тарбияси доимо долзарб муаммо сифатида эътироф этилади. Унинг иккинчи муҳим жиҳати эса ёшларнинг ҳуқуқий онгини шакиллантиришда ҳуқуқий тарбиянинг ролидир.

Ҳуқуқий тарбия ёшликдан бошланмоғи лозим. Биргина мисол сифатида шуни айтиб ўтиш керакки, бош қомусимиз ҳисобланган конституциянинг мазмун-моҳияти ёшлигимиздан сингдирилади. Қолаверса, миллий рамзларимиз бўлмиш мадҳия, байроқ, гербнинг кимлар томонидан яратилганлиги, уларнинг қандай маънони англатиши, унга хурмат нигоҳи билан қаралиши, асраб-авайлашини боғча ёшидаги бола ҳам билади. Бу бизнинг онгу-шууримизга шу даражада синганки чиқариб ташлашнинг иложи йўқ. Ана шу тарзда инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ёшликдан сингдириб бориш бу келлажак учун яхши қадам бўлади.  

Ҳуқуқий тарбия ҳамиша давлатнинг сиёсат, иқтисодиёт ва аҳлоққа нисбатан ўз нуқтайи назарини аҳолига аниқ етказиб беришдаги энг ишончли ва самарали воситаси ҳисобланган.

Ҳуқуқий тарбия муаммолари Франсия, Италия, Буюк Британия, АҚШ каби мамлакатларда ҳам доимо диққат марказида бўлиб, у билан боғлиқ кўплаб масалалар атрофлича ўрганиб чиқилган.  Шу сабабли ҳам ҳуқуқий тарбиянинг ижтимоий аҳамияти ўсиб келаётган ёш авлод онгига мунтазам сингдириб борилган ва бу жараёнга алоҳида эътибор қаратилган.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўтказилган ҳуқуқий ислоҳотлар, ҳуқуқий-демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар моҳиятини аҳоли, айниқса ёшларга етказиш бугунги кун талабидир. Бу эса, ўз навбатида таълим-тарбия, айниқса ҳуқуқий тарбияни замонавий услублар асосида йўлга қўйишни тақозо этади.

Президентимизнинг “Биз қанчалик мукаммал қонунлар яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти йетарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул“, ”Конституция ва қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий онг ва маданият ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир мансабдор шахснинг ҳаёт ва фаолият тарзига айланмоғи керак”, деб айтган фикр-мулоҳазалари, мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг шахс, жамият ва давлат ривожи учун нақадар муҳим ва аҳамиятли еканлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.

Ўқувчи ёшларга ҳуқуқий билим беришнинг асосий мақсади, уларда ҳуқуқий тушунчаларни шакллантириш ва шу асосда ҳуқуқий тарбияга эришишдан иборатдир. Ҳуқуқий билим олиш жараёнида ўқувчилар Конституциямизда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва еркинликларини билиш, улардан фойдаланиш ва ҳаётга татбиқ этишга эришиши лозим.

Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш нафақат таълим муассасалари, балки оиладан бошланади. Ҳуқуқий билимлар ҳаётда, ҳар хил аниқ вазиятларда тўғри йўналиш олиш, рухсат етилган ва тақиқланган нарсалар ўртасидаги чегарани топа билиш, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишнинг қонуний йўллари ва воситаларини танлашга ўргатади.

Ҳуқуқий билимлар сиёсий савияни кенгайтиради, эътиқодлар шаклланишига, ҳаётдаги ҳуқуқий ходисаларни тўғри тушуниш, ҳуқуқий талабларга онгли равишда риоя етиш, барча фуқароларнинг ҳуқуқ нормалари (қоидалари)га амал қилиш учун фаол курашишга кўмаклашади.

Ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва еркинликларидан фойдалана билса, тушунса, кўплаб муаммоларнинг олди олинади. Қолаверса, ўзгаларнинг ҳам ҳуқуқларига хурмат нигоҳи билан қарайди.

 

Ғаллаорол туман ДХМ директори

Ойбек Аллаяров.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.