Жиззахда “Уч авлод учрашуви” бошланди

Улашиш:

Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикаларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари Жиззахга ташриф буюрдилар. Юксак мартабали меҳмонларни Жиззах вилояти ҳокими, вилоятда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллар кутиб олишди.

“Уч авлод учрашуви” аввалида меҳмонлар Зомин туманидаги Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғинида маҳалла аҳолиси учун яратилган шарт-шароитлар, қишлоқ врачлик пункти ва тикувчилик мажмуаси фаолияти билан танишдилар.

 

Зомин шаҳридан 25 км узоқликда жойлашган Дуоба ҚФЙда қарийб 25 мингдан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қиладилар.   Аҳолининг асосий машғулоти эрта баҳордан деҳқончилик, чорвачилик, туризм хизматларини кўрсатиш каби юмушлардан бошланади. То кеч кузга қадар ҳудуднинг аҳолиси доимий бандлиги таъминланган. Туристик зонада жойлашган қишлоқлар аҳолиси учун кундалик ҳаётда зарур бўлган хизматларни тақдим этиш, турар ва нотурар биноларни кадастрини расмийлаштириш, никоҳ, туғилганлик гувоҳномаларини расмийлаштириш каби давлат хизматларига эҳтиёж бор.

Муҳим тадбир давомида Давлат хизматлари агентлиги директори, вилоят бошқармаси масъуллари ва марказ ходимлари ҳам иштирок этди.

Мобил сайёр автобус орқали шу куннинг ўзида фуқароларга 57 та давлат хизмати кўрсатилди. Фуқаролар кадастр, нафақа пулини тайинлаш, тадбиркорликни давлат рўйхатидан ўтказиш каби хизматлардан фойдаланишди.

 

Дуобада истиқомат қилувчи Музаффар Қодиров ва Юлдуз Бакироваларнинг никоҳ гувоҳномаси шу ернинг ўзида тантанали тарзда топширилди. Шу вақтнинг ўзида 2 нафар оиланинг никоҳ гувоҳномаси ва 2 нафар боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ҳам ўз эгаларига  берилди. Болажонларга совға саломлар ҳам улашилди.

Маҳаллада очилган янги тикув цехида аёлларнинг бандлиги таъминланган. Айни пайтгача улар  уй юмушлари билан машғул бўлганлар. Шу сабабли Давлат хизматлари агентлиги фаолияти билан таништириш мақсадида ходимлар ушбу цехда тизимга оид маълумотларни беришди.

Шундан сўнг тадбир “Обод қишлоқ” дастури доирасида Пшағор шаҳарчасида бунёд этилган масканда давом этди. Элчилар, ҳоким ва ёшлар учрашуви лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда  ҳам ДХА вилоят бошқармаси фаол иштирок этиб 2 нафар боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари топширилди.

 

Якунда  қўшиқчилар ўз ижролари, миллий қўшиқлари билан барчага кўтаринки кайфият улашдилар. Учрашув куй-қўшиқлар ўйин-кулгу ва рақсларга уланиб кетди.

Эслатиб ўтамиз, учрашув эртага вилоятимизнинг Дўстлик туманида давом этади.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.