Tashkent city боғини хусусийлаштириш режалаштирилмоқда

Улашиш:

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Tashkent city» ишбилармонлик марказидаги дам олиш ва истироҳат боғини келгусида хусусийлаштириш ва сақлаш (эксплуатация) юзасидан «Мастер план» ишлаб чиқиш учун профессионал ташкилотни танлаб олиш юзасидан танлов эълон қилди. «Tashkent city» ХИМ Маъмурий кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Профессионал ташкилотнинг таклифи қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

а) объектнинг тавсифи;

б) объектни келгусида самарали бошқариш, яратилган иш ўринларини сақлаб қолиш, дарахтлар ва буталарни кесмаслик ҳамда объект ҳудудида капитал қурилиш ишларини амалга оширмаслик кабиларни инобатга олган ҳолда:
  • харидорлар (инвесторлар) учун объектни хусусийлаштириш бўйича белгиланадиган талаблар;
  • объектни хусусийлаштиришнинг шартлари ва шакллари;
  • потенциал харидорларни саралаш учун қўйиладиган талаблар;
  • хусусийлаштиришдан олдин ва ундан кейин юзага келиши мумкин бўлган муаммолар, уларнинг сабаблари ва ечими юзасидан «Мастер план»нинг батафсил тавсифи ҳамда ишни ташкил этиш бўйича профессионал ташкилотнинг оқилона тавсиялари (40 баллгача);

в) хизмат ҳақи таклифи. Бунда, хизмат ҳақи миқдори таклиф этилаётган «Мастер план»нинг стратегиясига боғлиқ. Иш ҳақи миқдори ва бошқа жорий ҳаражатлар аниқ кўрсатилиши керак (40 баллгача);

г) профессионал ташкилотнинг шундай хизматларни амалга оширишдаги мавжуд тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар (10 баллгача);

д) «Мастер план»ни ишлаб чиқиш нуқтаи назаридан танлов бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан таклиф. Таклиф қилинаётган танловда иштирок этадиган жамоа тўғрисидаги маълумотлар, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари (номлари) ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси ва мазкур соҳадаги фаолияти муддати (10 баллгача);

е) белгиланган вазифаларни бажариш учун етарли ваколат, шунингдек инсон, вақт, моддий ресурслар мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза.

Таклифлар 25 октябрь соат 17:00гача (Тошкент вақти билан) қабул қилинади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.