Наманганда эшак гўштини сотганлар ушланди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда "Наманганда эшак гўштини сўйганлар ушланди" изоҳли видео тарқалди. 

Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди. 

Қайд этилишича, ўтказилган терговга қадар текширув ишларида қуйидагилар аниқланган.

1985 йилда Уйчи туманида туғилган фуқаро ўз тушунтириш хатида 2021 йил 16 октябрь куни сўйилган эшак гўштидан чиққан чиқиндиларини акасининг яшаш хонадонидан олиб, ушбу чиқиндихонага ташлаб кетганлигини маълум қилган. 

Мазкур шахснинг акаси ёзган тушунтириш хатида 2021 йил 16 октябрь куни Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманида жойлашган ҳайвон бозоридан 3 бош эшак ҳайвонини 580.000 сўмга сотиб олиб, яшаш хонадонига олиб келиб, ушбу эшакларни бир ўзи сўйган.

Гўшт махсулотларини Наманган шаҳрида яшовчи таниши 1948 йилда туғилган фуқарога сотган. 

Эшак гўштининг ички аъзоларини эса укасига ташлаб келишини айтганлигини маълум қилган. 

Эшак гўштини сотиб олган фуқаро ўз тушунтириш хатида Наманган шаҳрида жойлашган хайвонот боғида "экспедитор" лавозимида ишлаб келишини, у ҳайвонларга кунлик озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш билан шуғулланишини маълум қилган.

2021 йил 16 октябрь куни танишидан 600.000 сўмга гўшт маҳсулотларини сотиб олган ва уларни ҳайвонот боғидаги ҳайвонларга беришини баён қилган.  

"Мазкур холат бўйича ҳозирда Наманган шаҳар ИИО ФМБ томонидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда",-дейилади хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.