2030 йилга келиб сув остида қолиши мумкин бўлган шаҳарлар рўйхати эълон қилинди

Улашиш:

2030 йилга келиб сув остида қолиши мумкин бўлган шаҳарлар орасида биринчи ўринни Нидерландия пойтахти Амстердам эгаллаб турибди. Бу ҳақда иқлимни ўрганувчи Climate Central ташкилоти харитаси маълумотларига асосланиб, The Indian Times хабар берди.

 Фото: Shutterstock

Амстердам билан бир қаторда Нидерландиянинг «мамлакат қуйи қисми» деб аталадиган ерида жойлашган яна иккита шаҳри – Роттердам ва Гаага сувга ғарқ бўлиш хавфи остида. Рўйхатдаги иккинчи ўринни Ироқнинг Басра шаҳри эгаллади. Шаҳар Форс кўрфазига қуйиладиган Шатт ал-Араб дарёси бўйида жойлашган.

Кейинги ўринда АҚШнинг Миссисипи дарёси бўйидаги Янги Орлеан шаҳри турибди. Хабарга кўра, сув ҳайдаш каналлари тизимининг ривожланганига қарамай, шаҳарга сув босиш хавфи таҳдид солмоқда.

Венеция рўйхатдаги тўртинчи ўринни банд қилган. Ҳар йили шаҳарда ер сатҳи 2 миллиметрга пасаяди. Бешинчи ўриндан Вьетнамнинг энг йирик шаҳри Хошимин жой олган. Охирги, олтинчи ўринни Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри эгаллаган. Нашрнинг ёзишича, шаҳар 2030 йилгача сув остида қолиши мумкин.

Аввалроқ «РБК Тренди» томонидан иқлим ўзгариши сабабли табиий офатлар рўй берадиган шаҳарлар рўйхати тузилган эди. Рўйхатга дунёдаги энг тез чўкаётган шаҳар деб аталадиган Индонезиянинг Жакарта шаҳри ва турли иқлимга оид хавф-хатарларга (сув тошқини ва қурғоқчилик) дучор бўлган Бангладеш пойтахти Дакка киритилган. Унга кўра, Филиппин пойтахти Манила ва Нигерия пойтахти Лагос тез-тез сув тошқинларига дуч келади, Лос-Анжелес эса доимий равишда ўрмон ёнғинлари хавфи остида туради.

Аввалроқ АҚШнинг Чикаго шаҳри иқлим ўзгариши туфайли йўқ бўлиб кетиш хавфи остида экани хабар қилинганди. Таъкидланишича, тез-тез содир бўлаётган ёғингарчилик ва қурғоқчилик Чикагода шу номдаги маҳаллий дарё ҳамда Мичиган кўли сув сатҳининг кескин ўзгаришига олиб келмоқда, бу эса шаҳарга жиддий зарар етказмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.