Айдар-Арнасой кўллар тизимида экотуризм ривожлантирилади

Улашиш:

Давлатимиз раҳбари 8 ноябрь куни Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик барқарорликни сақлаш ва экотуризмни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Навоий ва Жиззах вилоятларида бўлган сайловолди учрашувларида айтган эди. Йиғилишда шу борадаги аниқ режалар ва эришиладиган натижалар кўриб чиқилди.

Ҳудудда экотуризмни ривожлантириш учун, аввало, сув ҳажми барқарорлигини таъминлаш, биохилма-хилликни асраш кераклиги таъкидланди. Кўллар атрофида қўшимча сайёҳлик зоналари ва дам олиш масканлари барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг мавжуд имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда бу ерда балиқчиликни янада ривожлантириш кераклигига урғу берилди.

Бугунги кунда ушбу ҳудуддан йилига бор-йўғи 4 минг тонна балиқ овланмоқда. Шароит яратиш ва ишларни тизимли ташкил қилиш ҳисобига, бу ҳажмни 20 минг тоннага етказиш ва бу орқали янги иш ўринлари яратиш мумкин. Шу боис, тадбиркорларни жалб қилиб, кўлларни ижарага берган ҳолда, кластер усулида балиқ етиштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шундай лойиҳаларни кўпайтириш, кредитлар ажратиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди. Унинг доирасида кўллар тизимида сув сатҳини барқарор сақлаш ва шўрланиш даражасини камайтириш чоралари кўрилади. Қирғоқлар бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экилади.

Ҳудудда экологик хавфсизликни кучайтириш, броконьерлик ва бошқа ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.