Аҳолини рўйҳатга олиш стратегик масала

Улашиш:

Маълумки юртимизда аҳолини рўйҳатга олиш юзасидан кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Албатта бу бугунги кун зарурати ўлароқ амалга оширилмоқда. Юртимизда охирги марта аҳолини рўйхатга олиш жараёни бундан 32 йил аввал бўлиб ўтгани бу масаланинг ҳозирда қандай аҳамият касб этишини кўрсатиб беради. Мисол учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзо мамлакатларни ҳар 10 йилда аҳолини тўлиқ рўйхатга олишни тавсия этади, чунки бу келгуси декадаларда мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи стратегик қарорларни қабул қилиш учун асос бўла оладиган ишончли маълумотлар билан таъминланиш имконини беради.

Аҳолини рўйхатга олиш нафақат аҳоли сони ва демографияси балки оилавий аҳволи, яшаш шароити, бандлиги, жинси, ёш даражалари, фуқаролиги, ҳудудларда аҳоли зичлик даражаси ва бошқа ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари ҳақида ишончли маълумот тўплаш имконини беради. Бу ўз навбатида ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш, бўш иш ўринларини ташкил этишга ёрдам беради. Бундан ташқари ҳудудларнинг хариталаридаги мавжуд хатоликларга ечим топиш бўйича аниқ таклифлар бериш имконини вужудга келтиради. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга таёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарорга мувофиқ аҳолини рўйхатга олиш 2023 йида ўтказилиши белгиланди. Тадбирга таёргарлик сифатида мамлакатимизнинг тўрт ҳудуди: Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани ҳамда Тошкент шаҳарнинг Яшнобод туманларида 2021 йил 1-25 ноябр кунлари синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади. Ҳозирда доимий тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилиши, жойларда кенг қамровли тушунтиришлар берилиб, аҳолини рўйхатга олиш мазмун моҳияти ёритилиши ўйлаймизки ўз самарасини  беради.

 

 

Дўстлик туман статистика бўлими

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.