Шавкат Мирзиёев бош вазирга «Ўзавтосаноат» тизимидаги объектларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш топшириғини берди

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 январь куни давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича 2022 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди. Йиғилишда қатор объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, давлат раҳбарининг топшириғи билан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, тармоқ ва ҳудудларда самарасиз ишлатилаётган 2 мингта объект борлиги аниқланган. Жумладан, нефть-газ тармоғида 210 та, алоқа соҳаси корхоналарида 152 та, давлат тижорат банкларида 114 та, кимё тармоғида 44 та, энергетикада 28 та сотиладиган бино бор. Вилоят ҳокимликлари балансида ҳам 170 га яқин бўш объект йиллар давомида сотилмай турибди.

Йиғилишда бу борада сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга интизомий чоралар кўрилиши белгиланган, айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 2022 йилда соҳадаги ишларни фаоллаштириб, натижадорликни икки баробар ошириш зарурлиги таъкидланган.

Масалан, ҳудудий объектлар ва ноқишлоқ ерларни хусусийлаштириш орқали йил якунигача жами 8 триллион сўмдан зиёд тушумни таъминлаш мумкин. Шу билан бирга, хатловни давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Носоҳавий, самарасиз ва бўш турган активларни аниқлаш ҳамда очиқ савдоларга чиқаришга вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланган.

Бугунгача савдога қўйилган 33 мингта ер участкасини мулк ҳуқуқи асосида сотиш, шунингдек, 1 июлга қадар яна 25 мингта майдонни аукционга чиқариш вазифаси қўйилган.

Йўл, транспорт, нефть-газ, энергетика, автомобилсозлик тармоқларига қарашли 266 та корхонани алоҳида ёндашув асосида савдога чиқариш кераклиги айтилган.

«Ҳали кўплаб тармоқ раҳбарлари тизимидаги носоҳавий корхоналарни самарасиз ишлатмоқда. Йирик тармоқларда 480 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ хусусий секторга бериш мумкин», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, бош вазирга «Ўзавтосаноат», «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзбекнефтегаз», «Ҳудудий электр тармоқлари» каби тармоқлардаги тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш топширилган.

«Фарғонаазот», «Бектемир спирт заводи», «Қўқон биокимё», «Деҳқонобод калий заводи», «Кварц», «Хайят» каби йирик мажмуаларга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди. 23 та акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи сотиш орқали фонд бозорига чиқариш бўйича кўрсатмалар берилган.

Бўш турган бинолардан фойдаланишнинг яна бир усули – ижара. Йиғилишда бу борадаги имкониятлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Ҳудудлар ва тармоқлар тасарруфидаги давлат мулклари ижараси ҳисобига 2022 йилда 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкинлиги айтилган.

Шунингдек, бундан буён, уч ойдан ортиқ бўш турган объект ижарага берилиши ёки сотувга чиқарилиши шартлиги белгиланган. Давлат активлари агентлигига давлат улуши бор корхоналарнинг ижара шартномаларини очиқ-ошкора рўйхатга олиш ва онлайн назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилган. Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида 2022 йил хусусийлаштириш дастури тасдиқланади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан эълон қилинганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.