"Фирдавс Абдухалиқов иши" Бош прокуратурага юборилди. Вазият жиддийлашмоқда

Улашиш:

Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги томонидан Kun.uz ахборот нашрида “Сабрия” машмашаси: сериалдаги беҳаё саҳна мавзуси Фирдавс Абдухалиқов шахсига уланиб кетди” сарлавҳа остида тарқалган мақола юзасидан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ва аффилланганлик ҳолатлари бўйича ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Кинематография агентлиги томонидан шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланди. 

Хусусан, Кинематография агентлиги директори ва бир вақтнинг ўзида субсидия маблағларини тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга Бадиий кенгаш раиси – Ф.Абдухаликов субсидия маблағларининг тақсимланиши ва контрагентни танлаш жараёнида яқин қариндошлари бенефициар бўлган (таъсисчилари: Шарапова Ф.С. - Ф.Абдухаликовнинг турмуш ўртоғи 70%, Рашидова А.Ф. - Ф.Абдухаликовнинг қизи 20%, Абдухаликов А.Ф. - Ф.Абдухаликовнинг ўғли - 10%) “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлса-да, бу ҳолатни бартараф қилиш чораларини кўрмасдан, мазкур жамият манфаатларини ёқлаб овоз беришда ва қарорлар қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этган.

Масалан, 2021 йилнинг ўзида Кинематография агентлиги томонидан берилган давлат буюртмалари асосида “Sevimli” телеканали (“Master Media Production and Broadcast” МЧЖ) иштирокида “Орзулар палатаси” ва “Тузоқ” сериаллари суратга олинган. 

Жумладан, 2021 йилнинг 22 февраль куни Кинематография агентлиги, “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ ҳамда "MY-FILMS" МЧЖ ўртасида “Орзулар палатаси” миллий сериалини суратга олиш мақсадида қиймати 3,0 млрд.сўмлик шартнома имзоланиб, Кинематография агентлиги томонидан 1,5 млрд сўм пул маблағлари “MY-FILMS" МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. 

Бундан ташқари, Кинематография агентлиги ҳамда “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ ўртасида “Тузоқ” миллий сериалини суратга олиш учун 2021 йилнинг 18 май куни жами қиймати 1,8 млрд.сўмлик икки томонлама шартнома (dxarid.uz тўғридан-тўғри шартнома орқали) имзоланган ва 1,8 млрд сўм пул маблағлари жамият ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. 

Шунга кўра, мазкур ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Ф.Ф.Абдухаликов яқин қариндошлари таъсисчилигидаги МЧЖнинг манфаатларини кўзлаб, давлат бюджетидан жуда кўп миқдордаги пул маблағларининг ажратилишига эришиб, қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.