«Давлат маблағлари ноқонуний ўзлаштирилмаган» — Антикоррупция агентлиги Фирдавс Абдухолиқов иши бўйича изоҳ берди

Улашиш:

Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан манфаатлар тўқнашуви юзасидан қўзғатилган маъмурий иш давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштирганлик ҳолати билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда 10 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги январь ойида Фирдавс Абдухолиқов атрофидаги манфаатлар тўқнашуви юзасидан текширув ўтказганди. Текширув натижасида «Севимли» телеканали билан манфаатлар тўқнашуви борлигини тасдиқлаган. Унга кўра, агентлик раҳбари яқин қариндошлари (турмуш ўртоғи, қизи ва ўғли) таъсисчилигидаги корхоналар манфаатларини кўзлаб, давлат бюджетидан жуда кўп миқдордаги пул маблағларининг ажратилишига эришиб, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган. Суд Фирдавс Абдухолиқовни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган деб топиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (8 миллион 100 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

Акмал Бурҳоновнинг айтишича, агар Фирдавс Абдухолиқов бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштиргани аниқланганда, у жиноий жавобгарликка тортилган бўларди.

«Кинематография агентлиги директори нима учун маъмурий жавобгарликка тортилди, унга нисбатан кичик жарима қўлланди, нега жиноий жавобгарлик бўлмади, деган мазмундаги кўп муҳокамалар бўлди. Айтиш керакки, бу ерда давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштирганлик ҳолати мавжуд эмас, яъни пуллар кимнингдир чўнтагига тушган ҳолат йўқ. Гап давлат харидларини амалга ошириш — танловни эълон қилишда манфаатлар тўқнашуви борлиги ҳақида хабардор этмагани тўғрисида кетмоқда»,  — деди агентлик раҳбари.

Унинг алоҳида таъкидлашича, ажратилган пуллар қонуний ишлатилган, пулларни ноқонуний сарфлаш ҳолати бўлмаган.

«Берилган буюртма асосида материал тайёрлаб берилган. Пуллар тўғри сарфланган. Манфаатлар тўқнашуви борлиги ва ундан ўзини четлаштирмагани бўйича маъмурий жавобгарлик белгиланган. Унча пулни кимдир еб юбориб, давлат бюджети талон-торож қилинмаган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилган, агар пуллар ноқонуний ишлатилганда, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортиларди. Шу эътиборга олинишини сўраб қолган бўлардим», — деди Акмал Бурҳонов.

Аввалроқ Акмал Бурхонов 2022 йил якунигача давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулклари декларацияси жамоатчиликка очиқланишини маълум қилганди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.