«Мансабдорлар мол-мулки ва даромадларини ҳисобга олиш бошланади» — Акмал Бурҳонов

Улашиш:

2022 йил якунигача давлат хизматчиларининг жорий йилдаги даромадлари ва мол-мулклари декларацияси жамоатчиликка очиқланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 10 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё».

2021 йил 6 июнда имзоланган Ўзбекистон президенти фармонида 2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш белгиланган. Акмал Бурҳоновнинг айтишича, қонунчилик жараёнида чўзилиш бўлгани сабабли маълумотларни очиқлаш кечикмоқда.

«Ҳозирда бу бўйича қонун лойиҳаси тайёр. Уни жамоатчилик муҳокамасига қўямиз. 2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларининг мол-мулклари ва даромадлари декларация қилинади ҳамда жорий йил ёзида ёки йил охиригача жамоатчиликка очиқланади. Агентлик халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар кўмагида эълонлар учун махсус платформа ишлаб чиқмоқда. Техник регламент ишлаб чиқилган. Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкларини ҳисобга олиш ҳам аллақачон бошланган. Фақат ҳуқуқий асоси ва техник регламент тасдиқланиши керак. Декларацияни 1 апрелдан эълон қилмоқчи эдик, лекин улгурмаяпмиз», — деди агентлик раҳбари.


Акмал Бурҳоновнинг қўшимча қилишича, 2021 йил июндаги президент қарори билан маҳаллий ҳокимликлар бюджетдан орттирилган маблағлар миқдорини ва пуллар қаерга сарфланаётганини эълон қила бошлаган. Бунинг натижасида маблағ сарфлашда самарадорлик ортди.

«Қарор эълон қилгандан сўнг кўрдикки, автомобиль сотиб олиш, ҳокимиятни таъмирлаш ва бошқаларга йўналтириладиган сарф-харажатлар кескин камайди. Эндиликда ортган маблағлар ижтимоий инфраструктурага сарфланганини кўриш мумкин. Чунки ҳаммаси очиқ бўляпти. Ўйлайманки, маълумотларни очиқлаш мажбурий қилинди, энди очиқламаганлик учун жавобгарлик белгиланса, самарадорлик янада ошади», — деди Антикоррупция агентлиги директори.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.