«Одноклассники» орқали танишув аёлга «қимматга тушди»

Улашиш:

Қашқадарё вилоятида ижтимоий тармоқда танишган аёл билан яқин алоқада бўлгани акс этган видеони тарқатиб юбормаслик учун ундан пул ва қимматбаҳо буюмлар талаб қилган эркак қўлга олинди.

Бу ҳақда Тергов департаменти хабарида маълум қилинган.

Қайд этилишича, Қарши шаҳар Низомий кўчасида яшовчи 32 ёшли Н.Қ. шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Унинг айтишича, ўз аризасида 2021 йилнинг декабрь ойи ўрталарида «Одноклассники» ижтимоий тармоғи орқали Аброр исмли шахс билан танишган.

Эркак у билан бир маротаба яқин муносабатда бўлган ҳолатини яширинча видеотасвирга олиб, кейинчалик ушбу видеони ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, уйдагиларига кўрсатиш билан қўрқитган.

Аброр видеони ошкор қилмаслик эвазига 2022 йилнинг 7 январь куни 900 АҚШ доллари талаб қилиб олган бўлса-да, яна ушбу видеони тарқатмаслик эвазига нархи 4 500 000 сўмлик Samsung Galaxy А-71 русумли телефон аппаратини ва 2 500 000 сўмлик бир жуфт тилла сирғасини беришини талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида ўзини Аброр деб таништирган шахс фуқаро Н.Қ.дан талаб қилинган Samsung Galaxy А-71 телефон аппарати ва бир жуфт тилла сирғасини олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, шахсига аниқлик киритилганида, у Косон туманида яшовчи 34 ёшли Н.Ж. эканлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Н.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида Н.Ж. муқаддам юқоридаги модда билан судланганлиги аниқланиб, Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, қамоққа олиш тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.