Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар нақадар самарали? Мутахассис жавоби

Улашиш:

Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директорининг ўринбосари, биология фанлари доктори Алишер Абдуллаев коронавируснинг доимий мутацияси шароитида вакциналар нақадар самарадор экани ҳақидаги саволга жавоб берди. 

Унинг сўзларига кўра, вирусни ўрганиш ва унга таъсир қилиш учун ишлаб чиқилган вақциналар тадқиқи давом этмоқда. Бу янгитдан вужудга келаётган мутациялар бўйича уларнинг самарадорлик даражасини аниқлаш ва арсеналини янгилаш имконини беради. 

"Олимлар вакциналарни ишлаб чиқишдан ташқари, юқтиришнинг янги ҳолатлари – одам қандай штамм билан касалланганлиги, қандай вакцина билан эмланганлиги тўғрисида маълумот тўплашмоқда ва таҳлилларни амалга оширишмоқда. Бу маълумотларнинг барчаси тўпланиб, статистик тадқиқотлар, биоинформатик таҳлиллар олиб борилади ва маълум бир хулоса чиқарилади", - деди Абдуллаев. 

Шу билан бирга, вазият ҳар бир популяция учун алоҳида таҳлил қилинади – маълум вакцинанинг Ўзбекистон, Россия ва бошқа мамлакатлардаги у ёки бу штаммга қарши қанчалик самарали эканлиги ўрганилади.

"Коронавирус геноми жуда катта-30 минг нуклеотидлардан иборат. Мутация пайтида нуклеотидлар маълум жойларда ўзгаради. Агарда тадқиқотлар мутация эмланган одамнинг иммунитет тизимидан айланиб ўтишини кўрсатса, олимлар вакцинани модернизация қилишга қарор қилишади. Бугунги кунда кўплаб популяцияларда мавжуд вакциналарнинг самарадорлиги аста-секин пасаймоқда. Ҳозирда изланишлар олиб борилмоқда ва энг кўп тарқалган штаммларга мос келадиган ўзгаришлар амалга оширилмоқда", - деди олим.

Унинг сўзларига кўра ҳозирги босқичда Ўзбекистонда ишлатилган барча вакциналар жуда юқори даражани кўрсатмоқда - мавжуд штаммларга нисбатан 75-77% самарадорликка эришилган.

"Айни пайтда Ўзбекистонда мавжуд бўлган штаммлар, аксарият ҳолатларда дельтага қарши вакциналар ўз самарасини кўрсатиб, иммун тизимининг яхши ҳолатда бўлишига ва организмга ўзгарган штамм тушса ҳам, тезроқ жавоб беришга имкон беради", - деди Алишер Абдуллаев.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Зангиота касалхонасида даволанганларнинг аксарияти эмланмаган. Касаллар орасида эмланганларнинг улуши тахминан 10% ни ташкил қилади. Улар орасида ўлим ёки оғир оқибатлар қайд этилмаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.