"Толибон" Ўзбекистонга ҳужум қиладими?

Улашиш:

"Толибон" Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритса, сўнг қўшни мамлакатларга ҳужум қилиши мумкинми, деган саволлар пайдо бўлмоқда.

Йўқ. Бунинг эҳтимоли жуда кам. Агар расмий Тошкент ва "Толибон" ўртасида фавқулодда жиддий ихитлоф юз бермаса, "Толибон" бундай ишга қўл урмайди.

Нега?

Толибоннинг азалдан мақсади Афғонистонда исломий амирлик барпо этиш. Гуруҳ ўз миссиясини Афғонистондан ташқарига олиб чиқиш ниятида эмаслигини бот-бот айтиб келади.

Албатта, фақат Толибоннинг сўзига ишониш билан хулоса чиқариб бўлмайди. У қўшниларига ҳужум қилмаслигининг асосий сабаблари аслида бошқа.

Аввало, ҳозир Толибоннинг энг катта мақсади Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритиш ва бу ҳокимиятни мустаҳкамлаш. Қўшни давлатлар ҳудудига дахл қилиш бу орзунинг амалга ошишини йўққа чиқаради.

Иккинчидан, Толибон халқаро ҳамжамиятда тан олинишни истайди. Бугунги Толибон ва 20 йил аввалги Толибон ўртасида катта фарқ бор. Гуруҳ 20 йил олдин йўл қўйган сиёсий хатоларини такрорлашни истамайди.

Кобулда Толибон режими ўрнатилса, тўғри, мамлакатда радикал талқиндаги шариат ҳукмронлиги бошланади. Лекин у 20 йил аввалги режимдан барибир юмшоқроқ бўлади. Чунки халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлови ва ёрдамисиз Толибон узоққа бора олмаслигини яхши билади. Режим халқаро майдонда камида мусулмон мамлакатлар томонидан тан олинишга эришишга ҳаракат қилади.

Учинчидан, ҳукмронликни қўлга олиш Толибон учун энг осони. Энг қийини уни сақлаб қолиш ва 30-40 миллионлик халқни боқиш ва бошқариш. Бу масалада толибонга хорижий давлатлар, хусусан, қўшнилар ёрдами керак бўлади.

Ҳайратон кўприги орқали Ўзбекистондан Афғонистонга минглаб тонна озиқ-овқат ва бошқа юклар ўтади. Толибон учун, Афғонистон учун ҳозир бу юклар сув билан ҳаводек зарур.

Шунинг учун Толибон Ўзбекистон ва бошқа қўшнилар билан низога кириб, чегаралараро савдо ва юклар ўтишининг тўхтаб қолишини истамайди. Чегарада тўлиқ назоратни қўлга олишлари билан Толибон Тошкент билан келишиб, юклар қатновини одатдагидек давом эттиришга ҳаракат қилади.

Хуллас, вазият жуда беқарор. Қўшнилар хавотир олишлари учун етарли даражада асослар бор. Ҳарбий ҳушёрлик ва ҳозирликни, албатта, ошириш керак. Минглаб, балки миллионлаб қочоқлар қўшни мамлакатларга ўтиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ўзбекистон бунга ҳам тайёр туриши керак.

Лекин Толибоннинг қўшни давлатларга ҳужум қилиши эҳтимоли жуда паст.

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.