Афғонистон: Толибон телесериаллардаги актрисалар иштирок этган саҳналарни тақиқлади

Улашиш:

Толибон бутун мамлакат бўйлаб эфирга узатиладиган телеканалларга қатор чекловлар ўрнатди. Унга кўра, актрисалар иштирокидаги телесериаллар ва театр саҳналари, ислом тамойиллари ва Афғонистон қонунларини бузувчи барча филм ва сериалларни кўрсатиш тақиқланди.

Яхшиликка Даъват ва Ёмонликдан Сақланиш вазирлиги (Эмри бил Маруф) барча телеканалларга амал қилиниши шарт бўлган янги қоидалар (диний кўрсатмалар) юборди.

Бу қоидаларга кўра, телеканаллардаги бошловчи аёллардан исломий ҳижобга риоя қилиш талаб қилинган.

Актрисалар иштирокидаги театр саҳналари ва сериалларни кўрсатишни тўхтатишга чақириқ қилинган.

Шахсларни ҳақорат қилувчи дастурларни эфирдан олиб ташлаш талаб қилинди.

Шунингдек, пайғамбарлар ва саҳобалар ролини акс эттирувчи филм ва сериалларни намойиш этиш ҳам тақиқланди.

Ташкилотга алоқадор вазирлик мамлакатдаги баъзи телеканаллар ҳанузгача ислом тамойиллари ва афғон урф-одатларига зид кўрсатувлар намойиш этаётганини даъво қилди.

Афғонистондаги маҳаллий оммавий ахборот воситалари Толибоннинг “биз мўътадилроқ бўламиз” деган баёнотларига шубҳа билан қарашларини айтишмоқда.

Толибон Афғонистонда ҳокимият тепасида турган 1990 йилларда телекўрсатувларни бутунлай тақиқлаган эди.

Охирги 20 йилда мамлакат бўйлаб 300 дан ортиқ телевидение, радио ва газеталар эфирга узатила бошланган эди.

Бошқа томондан, Афғонистон Озод Журналистлари Уюшмаси маълумотларига кўра, 15 август куни Толибон пойтахт Кобулни эгаллаб олгандан кейин 200 га яқин оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини тўхтатган.

Толибон мамлакат устидан назоратни ўрнатгунга қадар ОАВ ходимларининг 30 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этган бўлса, ҳозирда бир нечта аёл журналистлар ўз лавозимларида ишламоқда.

Толибон ҳаракати мамлакатни эгаллаб олганидан кейин юзлаб ОАВ ходимлари мамлакатни тарк этган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.