Афғонистонда «Толибон» бир кунда 13 та туман устидан ўз назоратини ўрнатди

Улашиш:

                                                            Фото: Anadolu Agency
«Толибон» ҳаракати жангарилари сўнгги 24 соат ичида Афғонистоннинг 13 та туманини ўз назорати остига олди. Бу ҳақда Покистон ОАВларига таяниб «Интерфакс» хабар бермоқда.

Бу «Толибон» томонидан бундай қисқа вақт ичида қўлга олинган энг кўп сонли туманлардир. Хусусан, «Толибон» аъзолари Бадахшон вилоятидаги тўққизта, Тоҳар вилоятидаги иккита, Пактиядаги битта ҳамда Қандаҳор вилоятидаги яна битта туман устидан назорат ўрнатди.

ОАВ маълумотларига кўра, айни пайтда «Толибон» мамлакатдаги 370 та туманнинг 110 тасини назорат қилмоқда.
Ўз навбатида, Афғонистон Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, ўтган бир кеча-кундузда мамлакатнинг тўққизта вилоятида олиб борилган жанглар чоғида 224 нафар «Толибон» жангариси йўқ қилинган. Вазирлик улар томонидан қўлга олинган ҳудудларни қайтариб олишга ваъда берди.

АҚШ ва унинг иттифоқдошлари ўз қўшинларини Афғонистондан 2021 йилнинг 11 сентябрига қадар олиб чиқиб кетиши керак. Аввалроқ Америка ҳарбий хизматчилари Баграм авиабазасини тарк этган эди. АҚШнинг баъзи шериклари аллақачон ўз қўшинларини Афғонистондан чиқариб кетган.

Қўшинларнинг чиқариб кетилиши Афғонистонда «Толибон» ҳаракати исёнчилари фаоллашган бир пайтда амалга оширилмоқда. Май ойидан буён улар катта кўламли ҳужум операциясини амалга ошириб, кўпинча ҳукумат кучларини сиқиб чиқармоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.