Махсус комиссия қатор чекловларни бекор қилди

Улашиш:

16 мартдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор чекловлар бекор қилинмоқда.

Бу ҳақда бугун, 15 март куни Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида Республика махсус комиссияси йиғилишда маълум қилинган.

Йиғилишда коронавируснинг Ўзбекистонда тарқалиш даражаси бугунги кунда 0,4 кўрсаткични ташкил этаётгани, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари хулосасига кўра, бу кўрсаткич 1,0 гача бўлса, вазият барқарорлигини англатиши яна бир бор қайд этилди.

Шу боисдан Ўзбекистонда бир қатор талаблар бекор қилинади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикаси билан чегарасида жойлашган ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланади.

Шунингдек, Ўзбекистонга кириб келувчилар республикага ташриф буюришидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЦР тест натижаси бўйича манфий натижали маълумотга эга бўлиши талаби ҳам бекор қилинмоқда.

Эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчиларга тегишли тартибда эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлган тақдирда, улардан ПЦР тест натижаси ҳамда коронавирус инфекциясига экспресс-антиген тест топшириши талаби қўйилмайди.

Бунинг ўрнига, ташриф буюрувчилар тегишли тартибда эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлмаган тақдирда республикага ташриф буюришидан камида 72 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЦР тест натижаси, ёки чегара утиш пунктларида экспресс-антиген тест топшириши бўйича манфий натижали маълумотномага (электрон QR code) эга бўлиши шарт қилиб белгиланди.

Йиғилишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро йўловчи поездлар қатновларини ҳамда автобус йўналишларида парритет асосида йўловчи ташиш фаолиятини карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда қайта тикланиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасига кириш учун хорижий фуқароларга электрон визани расмийлаштириш ва бериш тизими (E-VISA) фаолияти қайта тикланиб, тез кунда ишга туширилади ҳамда хорижий давлатлардан келаётган сайёҳларга тезкор ва сифатли маълумот алмашинуви бўйича хизматларни кўрсатиш бўйича Call маркази фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.