Адлиядаги ихчамлашув ортидан кадрлар билан боғлиқ муаммо юзага келдими?

Улашиш:

Шу кунларда адлия тизимида олиб борилаётган ихчамлашув жараёнларида меҳнат муносабатларига оид турли саволлар, айрим нотўғри талқинлар учрамоқда. Вазиятни ойдинлаштириш мақсадида Адлия вазирлиги ахборот хизмати муносабат билдирди:

Адлия вазирлиги тизимини ихчамлаштиришдан кўзланган мақсад мамлакатимизда старт берилган кенг кўламли маъмурий ислоҳотни амалга ошириш эканлигини унутмаслик керак.  

Яъни давлат органи тизимидаги иш ўринлари қанча оптималлашса, шунчалик бюджет иқтисод бўлади. Ортиқча бўғинлар камайса, бошқарув самарадорлиги ошади ва қарор қабул қилиш енгиллашади. 
Олдиндан кўзланган мақсад ҳам шу эди. Кимлардир буни тескари талқин қилишида эса умуман мантиқ йўқ. 
Иккинчидан, Адлия вазирлиги томонидан қўшиб олинаётган агентликларда фаолият юритиб келаётган ходимларга огоҳлантириш хатлари берилгани рост. Бироқ, огоҳлантириш берилган ходимлар фақат агентликлар ходимлари эмас, балки ҳудудий адлия бошқармалари ходимлари ҳамдир.
Зеро, Президент фармонига (https://lex.uz/docs/5914998) мувофиқ, агентликлар ва адлия бошқармаларида бир-бирини такрорловчи лавозимларни эгаллаб турган ходимларнинг (агентликлар раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, юристлар, молия-иқтисод, хўжалик бўлимлари бошлиқлари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошлиқлари ва давлат хизматлари марказлари директорлари) ичидан энг яхши мутахассисларни адолат мезони асосида жой-жойига қўйиш шуни тақозо қилади. 
Фармоннинг 13-банди биринчи хатбошида вазирликнинг янги ташкил этилаётган таркибий тузилмалари штатлари биринчи навбатда вазирликка қўшилаётган Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги тизими ходимлари ҳисобидан тўлдирилиши белгилаб қўйилди.
Фармон ижроси юзасидан қабул қилинган Адлия вазирлиги буйруғининг  7-бандида меҳнатни ташкил қилишдаги ўзгаришлар натижасида амалдаги ходимлар (яъни: Давлат хизматлари агентлиги, Интеллектуал мулк агентлиги ва ҳудудий адлия органлари ходимлари) жой-жойига қўйилгандан сўнг, ортиб қолган лавозимлар (биринчи навбатда) агентликлар ҳудудий тузилмаларининг бошқа ходимлари ҳисобидан тўлдирилиши назарда тутилмоқда. 
Шундай экан, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда “янги тузилмалардаги штатлар адлия ходимлари орасидан тўлдирилади” – деган маълумот мутлақо асоссиз. 
Учинчидан, мақбуллаштириш ва штат қисқариши асосан раҳбар лавозимлар ҳисобига тўғри келмоқда, тумандаги ва хизмат кўрсатувчи биронта штат қисқармади.  
Тумандаги раҳбарлар эса янгидан тайинланади. Чунки, фармоннинг 13-банди иккинчи хатбошида ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ва давлат хизматлари марказлари раҳбарларини лавозимидан озод қилиш ҳамда ушбу лавозимни ички танлов асосида юксак малака ва юқори профессионал тайёргарликка эга бошқарув кадрлари билан тўлдириш белгиланди. 
Яъни, ушбу лавозимлар Адлия вазирлиги ва ДХА тизимида ишлаётган юқори малакали ва профессионал иш тажрибасига эга ходимлар орасидан ички танловга асосан энг муносиблари билан тўлдирилади. 
Шу сабабли, республикада мавжуд 207 нафар туман (шаҳар) адлия бўлими бошлиқлари ва 207 нафар Давлат хизматлари марказлари директорлари ички танлов натижасида Меҳнат кодексининг 92-моддаси талабларидан келиб чиқиб, янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни рад этган тақдирда, улар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши ҳақида белгиланган тартибда огоҳлантирилди. 
Агентликлар ва унинг ҳудудий бошқармаларида огоҳлантириш хатлари фақат мақбуллаштирилган, яъни, белгиланган тартибда қисқартирилиб, тугатилиши шарт бўлган лавозимларда ишлаб келаётган ходимларга берилди. Масалан, агентлик раҳбари ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари лавозими тугатилди, улар автоматик равишда ўз ишларини давом эттиришнинг ҳам имконияти йўқ, чунки эски лавозимлар бекор бўлган, янги лавозимлар эса – бошқа юридик шахс тузилмасида ва умуман бошқа ташкилий асосларга эга. Шунинг учун ҳам янгидан меҳнат шартномалари тузилиши шарт. 
Қолган ходимлар ўзининг розилиги асосида Меҳнат кодексининг 98-моддасига мувофиқ меҳнат фаолиятини вазирлик тизимида давом эттиради (масалан, ФҲДЁ органлари ёки давлат хизматлари марказлари ходимлари, чунки уларнинг бўйсинув ташкилоти ўзгарди, эскиси эса тугатилади). 

Тизимда ҳозирги кунда ҳам ходимлар аввалгидек иш ҳақи олиб, ўзининг иш жойида меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда. 

Ижтимоий тармоқларда “ДХА тизимида ишлаётган 400 га яқин ходим ишсиз қолди” деган маълумот – бу жараённинг мазмун-моҳияти ва якуний натижасини билмасдан (аниқроғи тушунмасдан) тарқатилаётган асоссиз ва ноўрин хабардир. 

Давлат хизматлари агентлиги ходимлари ҳам, Интеллектуал мулк агентлиги ходимлари ҳам Адлия вазирлиги тизимининг бир бўлаги, кадрлари эса – қимматли бойлигидир. 

Шу билан бирга, замонавий давлат органи ихчам бўлиши керак. Кадрлар эса элакдан ўтиши аниқ. Акс ҳолда бу ислоҳот эмас, эскича ёндашув бўлиб қолаверади. 

Бу жараёнда барча қонунларнинг устуворлиги ва адолат мезонларига таяниш таъминланади. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.