Расул Кушербаев суд раиси уни изза қилмоқчи бўлганини айтмоқда

Улашиш:

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди жамоатчиликка яна бир бор ёлғон ахборот тақдим этди, деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Унинг айтишича, фуқаро А.Досмуҳамедовни уйидан мажбурий кўчириш ва «снос» масаласидаги ФИБ Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси суди мажлисида бир неча бор кузатувчи сифатида қатнашган.

«Судга раислик қилган шахс, суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этаётганимда мени турғизиб, изза қилиш мақсадида «нега судга салом бермадинг», дея менга танбеҳ бергани, мен салом бериб кирганим, бироқ у киши эшитмагани, қолган барча иштирокчилар эшитгани, агар улар истаса, олдиларига бориб қўлларини олиб ҳам саломлашиб келишим мумкинлигини айтганимда, раис бу шартмаслигини билдиргач, индамай кузатишда давом этганим бўлган ҳолат.

Раиснинг ушбу ҳолати, яқинда «УзАвтоМоторс» ва фуқаро ўртасидаги ишга тиклаш бўйича очиқ суд мажлисига мени асоссиз қўйишмагани учун суд устидан шикоят ёзганим сабабидан «бу жойда мен раисман», деб ўзини кўрсатиб қўйиш мақсадида бўлгандир, деб ўйладим. Очиғи, инсон табиатида бундай бўлиши мумкин. Шу сабаб бунга ортиқча эътибор қилмагандим.

Бироқ бугун ушбу баёнотни кўргач, билдиришга мажбур бўлдим.

Ҳурматли суд, кузатувчи сифатида мен сизнинг ўша куни салом бермадинг, деб (гарчи бу ФПКда кўрсатилмаган бўлса-да) мени изза қилиш мақсадида турғизиб қўйиб танбеҳ берганингиз ва журналистга очиқ суд мажлисини тасвирга олиш учун рухсат бермаганингизга гувоҳлик бераман. Буни кўрган ўнга яқин гувоҳлар ҳам бор. Ёлғон баёнотлар беришдан тийилинг, бу мен билган иккинчиси!», деб ёзади депутат.

Шунингдек, қўшимча қилади: «Олий суд қуйи судлардаги бу каби ишларни шунчаки кузатиб туриши тўғри бўлмаса керак».

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.