Ўзбекистонда фуқаролик ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёши 25 ёшгача оширилади

Улашиш:

Ўзбекистонда фуқаролик ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёши 25 ёшгача оширилади, шунингдек, ўз-ўзини ҳимоя қилиш қуролига ноқонуний эгалик қилиш учун жавобгарлик белгиланади. Бу ҳақда Сенат хабар бермоқда. 

Бугун ялпи мажлисда сенаторлар “Қурол тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши муносабати Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллашган.

Ҳужжат доирасида Ўзбекистон фуқароларининг фуқаролик ов қуроллари ва унга ўқдори олишнинг ёш чегараси йигирма беш ёш (амалдаги қонунчиликда–йигирма бир ёш) қилиб белгиланган. Бундан ташқари, фуқаролик қуроллари ва унга ўқдорини совға тариқасида бериш тақиқланади.

Ҳужжатда ўқотар қурол (ўз-ўзини ҳимоя қилиш қуроллари)нинг ноқонуний савдоси ёки қурол савдоси қоидаларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик ҳам жорий этилган.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қурол-яроғни давлат томонидан тартибга солиш ва унга назорат қилиш вазифалари Миллий гвардиядан ички ишлар идораларига ўтказилади.

Қонун президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Эслатиб ўтамизки, бугун “Қурол тўғрисида”ги қонун доирасида ўзбекистонларга фуқаролик қуролига эгалик қилишга рухсат берилган. Бунга ов ва спорт қуроллари, шунингдек ўз–ўзини ҳимоя қилиш қуроллари - пневматик, газ, сигналли, улоқтириш ва электрошок қурилмалари киради.

Ўзини – ўзи ҳимоя қилиш қуролларини фақат яшаш жойидаги ички ишлар бўлимларида бериладиган махсус рухсатнома асосида сотиб олиш мумкин.

Ўзини-ўзи ҳимоя қилиш қуролларини сотиб олишга рухсат 18 ёшга тўлган, лаёқатли, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятларга алоқадор бўлмаган шахсга берилади. Рухсат олиш қуролни олиб юриш ва фойдаланиш дегани эмас. Фойдаланиш рухсати сотиб олинган қурол рўйхатга қўйилганидан кейин берилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.