UzAuto Motors дилери мижозлар пулини талон-тарож қилган

Улашиш:

Хоразм вилоятидаги Gurlan Avtosalon автосалони ходимлари мижозлар маблағларини талон-тарож қилиш билан шуғулланган. Текшириш натижасида тўпланган материаллар Бош прокуратурага топширилган. 

UzAuto Motors компанияси Gurlan Avtosalon дилерлик марказида автомобиль сотиш механизмини текширувдан ўтказиб, тизимли хато ва камчиликлар ҳамда қўпол қоидабузарликларни аниқлаган.

"Тергов давомида аниқланишича, ишлаб чиқарувчининг ҳисоб рақамига ўтказилиши керак бўлган автомобилларни сотишдан тушган маблағлар талон-тарож қилинган, акция бўйича ёки муддатли тўлов бўйича сотилган автомобиллар тўловларидан қарзрдорликлар юзага келган. Шунингдек, ҳужжатларнинг аксарияти белгиланган тартибда расмийлаштирилмагани ва қалбаки эканлиги маълум бўлди. Бу ва бошқа бир қатор камчиликлар дилерлик шартномасининг қўпол бузилиши ҳисобланади",- дея маълум қилган UzAuto Motors.

Қонунбузарликлар тўғрисидаги барча маълумотлар қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага тақдим этилган.

Gurlan Avtosalon билан тузилган шартномалар бўйича мижозлар олдидаги барча мажбуриятлар Xorazm Avtotexxizmat томонидан бажарилади. UzAuto Motorsнинг таъкидлашича, мижозлар олдидаги мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши кафолатланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.