Жаҳон матбуоти: Шимолий Кореяда пандемиянинг кучли тўлқини кузатилмоқда

Улашиш:

Шимолий Корея коронавирус пандемияси бошланганидан буён ўз чегараларини тақа-тақа ёпиб, “темир интизом” ўрнатиш ҳисобига бу инфекцияни мамлакат аҳолисидан узоқ тутишга уриниб келаётган эди. 

Аммо чегараларни тан олмайдиган СOVID-19 айни пайтда ушбу давлатда ҳам мураккаб эпидемиологик вазиятни юзага келтирган.

Хусусан, май ойининг дастлабки икки ҳафтасида бу ерда 800 мингдан ортиқ киши коронавирус аломатлари билан соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилган. 

Айни пайтга келиб эса бу рақамлар 1,48 миллион нафардан ошгани айтиляпти. Беморлардан 819 минг нафари соғайиб, оиласи бағрига қайтган бўлса, 663 минг нафари ҳозир даво муолажаларини олмоқда. 

Жумладан, кеча мамлакатда 269 минг нафар одамда СOVID-19 инфекцияси тасдиқланди. Хасталик оқибатида яна олти киши ҳаётдан кўз юмди. 

Умуман, апрель ойи охиридан шу кунга қадар Шимолий Кореяда коронавирус қурбонлари сони 56 нафарга етган. Бу ҳақда бугун мамлакат марказий ахборот агентлиги расмий хабар тарқатди. 

Давлат мутасаддиларининг шошилинч чақирилган йиғилишида барча шаҳар ва туманларда қатъий карантин чекловларини жорий этиш бўйича якуний тўхтамга келинган. 

Эслатиб ўтамиз, КХДРда 25 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Бироқ шу пайтга қадар улардан деярли ҳеч бири коронавирусга қарши эмланмаган. 

Чунончи, мамлакат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, шунингдек, Хитой ва Россиянинг эмлаш дастури бўйича таклифларини ҳозирга қадар қабул қилгани йўқ.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.