Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси 2021-2022 ўқув йилида эришилган натижаларга бағишлаб брифинг ўтказилди

Улашиш:

Тадбир бошқарманинг жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган янги биносида бўлиб ўтди. Бошқарма ходимлари ҳали бинога тўлиқ кўчиб киришга улгурмаган бўлсада, у ерда дастлабки меҳмонлар сифатида журналист ва блогерлар кутиб олинди. Бошқарма бошлиғи Д.Садриддинованинг айтишича вилоят ҳокимлиги кўмагида қисқа фурсатда Жиззах шаҳри, Дўстлик маҳалласи ҳудудида 4-қаватли янги бино таъмирдан чиқарилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Айни кунларда таъмирдан чиққан бинога бошқарма ходимлари жойлашишмоқда. Айтиш жоиз шу вақтга қадар вилоят халқ таълими бошқармаси ўз биносига эга бўлмаган.

Брифингда  йиғилганларга якунланган ўқув йилида эришилган натижалар ва келгусидаги режалар юзасидан ахборот берилди. Эслатиб ўтамиз бугунги кунда вилоятда 569 та таълим ташкилоти мавжуд. Шундан 553 таси мактаб (514 та мактаб, 35 та ихтисослашган мактаб ва мактаб интернати, 4 та махсус мактаб), 14 та “Баркамол авлод ” болалар мактаби,  1 та Меҳрибонлик уйи, 1 та малака ошириш ҳудудий маркази  фаолият олиб боради.

- Жами ўқувчилар сони 258 906 нафар, шундан 100 137 нафари 1-4 синфда, 158 769 нафари 5-11 синфда тахсил олади. Якунланган ўқув йилида халқ таълими тизимидаги муассасаларни жами 16 769 нафар ўқувчилар битирди, - дейди бошқарма бошлиғи Д.Садриддинова.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари бошқарманинг янги биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Конференц зали, фуқароларни қабул қилиш бўлими, ошхона, ҳамда қаватларда жойлашган бўлимларда ходимларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

 

 

 

Тадбир якунида 27-июнь “Матбуот ва ОАВ ходимлари куни” муносабати билан тизим билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган журналист ҳамда блогерларга бошқарма томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди.

 

 

 

 

  

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.