“FTV”, “Muloqot” ва “Amudaryo” телеканалларига нисбатан иш қўзғатилди

Улашиш:

Рақобат қўмитаси бир қатор телеканалларга реклама фаолиятини амалдаги қонунчилик талаблари асосида тартибга солиш ва реклама ҳажмини қайта кўриб чиқиш бўйича огоҳлантириш берди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Бунга сабаб ижтимоий тармоқларда ва кенг жамоатчилик орасида телеканалларда реклама роликларининг узоқ давом этиши ва эфир вақтининг ортиқча қисми рекламага ажратилиши борасидаги норозиликлар ва эътирозлар бўлди.

Рақобат қўмитаси Ахборот ва оммавий коммуникatsiялар агентлиги билан ҳамкорликда телеканаллардаги рекламалар ҳажмини қонун талабларига мувофиқлигини ўрганиш мақсадида тегишли чора-тадбирларни амалга оширди. Ушбу таҳлил давомида “FTV”, “Muloqot” ва “Amudaryo”  телеканалларида 2024-йилнинг апрел-июл ойларида эфирга узатилган рекламалар ҳажми қонунда белгиланган меъёрлардан ошиб кетгани аниқланди.

Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси бузилиши сабабли ушбу телеканалларга нисбатан иш қўзғатилди. Телеканалларга келгусида қонун талабларини бузмаслик бўйича кўрсатмалар берилди ва қонунчиликка риоя этиш бўйича қаттиқ талаб қўйилди.

Маълумот учун, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддасига кўра, телеканаллар эфирида бериладиган реклама умумий давомийлиги бир соатлик кўрсатув вақтида 20 фоиздан, кун давомида эса эфир вақтининг 15 фоизидан ошмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қўмита томонидан 358 та ноқонуний биофаол қўшимчалар ва озиқ-овқат рекламалари аниқланган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.