UZTELECOM МДҲда энг яхши ривожланаётган минтақавий оператор сифатида тан олинди

Улашиш:

EUROPE 2022 GCCM — Берлин конференцияси бўлиб ўтди. Тўққизинчи маротаба ўтказилган анъанавий йиллик коференцияда дунёнинг 188 та телекоммуникация компаниясидан 800 дан ортиқ вакил қатнашди.

Иштирокчилар бизнесни ривожлантиришнинг янги имкониятларини ўрганишди, бозордаги сўнгги трендларни муҳокама қилишди ва ўзларининг янги маҳсулотларини тақдим этишди. Форум доирасида CC-GLOBAL AWARDS мукофотини топшириш маросими ўтказилди.

320 дан ортиқ меҳмонни жамлаган Alte Münze эксклюзив тадбирида ғолиблар ўз ютуқларини нишонладилар.

Бошқа совриндорлар қаторида «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси «МДҲ давлатлари орасида энг яхши ривожланаётган минтақавий оператор» номинациясини қўлга киритди.

CC-Global Awards (CCGA) жаҳоннинг йирик алоқа операторлари ва экотизим ҳамкорларининг инновациялари ва ютуқлари учун бериладиган мукофот бўлиб, ғолиблар мустақил ҳакамлар ҳайъати — телекоммуникация йўналиши таҳлилчилари ва соҳа мутахассисларидан иборат ҳайъат томонидан  баҳоланади.

2022 йилнинг май ойи охирида «Ўзбектелеком» АК ҳар йили ўтказиладиган «Йил бренди» миллий танловида «Алоқа» номинациясида биринчи ўринни қўлга киритганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. 2020 йилда компания интернет-провайдерлар ўртасида «Йил бренди» номинациясида ҳам ғолиб бўлган.

2021 йилда «Ўзбектелеком» АК Тошкент реклама фестивали (TAF!)да «UZTELECOMга содиқликни қандай ошириш мумкин» лойиҳаси билан «Комюнити, уюшмалар, содиқлик дастурларини яратиш» номинациясида олтин медални қўлга киритганди.

Маълумот учун:

Carrier Community (CC) — бу дунё миқёсидаги телекоммуникация операторлари клуби бўлиб, йирик алоқа провайдерлари ва экотизим бўйича ҳамкорлар учун эксклюзив глобал соҳавий, брендинг ва тармоқ нетворкинг платформасидир.

2008 йилда йўлга қўйилгандан бери Carrier Community 120 дан ортиқ мамлакатларда 2 300 дан ортиқ операторларни ифодаловчи 8000 дан ортиқ аъзоларга эга. Корпоратив аъзолар асосан мобил, муқобил ва кичик операцион компанияларда бош директор, вице-президент, директор ва менежерлар лавозимларида фаолият юритади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.