2025 йил 1 январдан нималар ўзгаради?

Улашиш:

Ўзбекистонда янги йилдан бошлаб қонунчилик ва бошқарув соҳасида бир қатор янгиликлар амалга оширилади. SANGZOR.UZ ушбу ўзгаришларнинг асосийларини қисқача баён қилади.

Жамоат транспортида янгиликлар

Тошкент шаҳрида автобус ва метро учун нақд йўлкира нархи 2000 сўмдан 3000 сўмга кўтарилади. Нақдсиз тўлов орқали йўлкира нархи ўзгармайди — 1700 сўм бўлиб қолади. Автобусларда йўл ҳақини нақд пулда тўлаш амалиёти бекор қилинади. Унга алмаштирувчи чипталар бекатлардаги махсус қурилмалар орқали сотиб олинади ва QR-код орқали тасдиқланади.

Ҳокимликларга қўшимча ваколатлар

Туман ва шаҳар ҳокимликларида тадбиркорлар жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади. Ҳокимликлар айрим раҳбарларни лавозимга тайинлаш ёки озод этиш, шунингдек, рағбатлантириш ёки интизомий чоралар кўриш ваколатига эга бўлади.

ҚҚС ва фойда солиғи бўйича янгиликлар

Тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм маҳсулотлари саноатидаги тадбиркорлар учун фойда солиғи ва жисмоний шахслар даромад солиғи ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Шунингдек, 2025 йил 1 апрелдан фармацевтика маҳсулотлари савдоси ва тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҚҚС тўловчиларига айланади.

Термитлар зарарлаган уй-жойлар бўйича чоралар

Термит ва бошқа ҳашаротлардан зарарланган уйлар яроқсиз деб топилса, уларнинг эгалари бошқа уй-жой билан таъминланади. Ушбу хизмат Давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштирилади.

Циркларда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланади

2025 йилдан бошлаб давлат ва кўчма циркларда ёввойи ҳайвонларни томошаларда ишлатиш тақиқланади. Улар зообоғлар ёки питомникларга топширилади.

Маданият соҳаси ходимлари маошлари оширилади

2025 йилда давлат маданият муассасалари ходимлари маоши икки босқичда оширилади:

  • 2025 йил 1 январдан — 20 фоизга,
  • 2025 йил 1 июлдан — қўшимча 15 фоизга.

Электрон браслет тизими жорий этилади

Уй қамоғида бўлган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахслар электрон браслет орқали масофадан назорат қилинади.

Ресторан ва кафеларга ҚҚС кешбеки

Ресторан ва кафелар ҚҚСнинг бир қисмини кешбек сифатида қайтариб олади. Нақдсиз ҳисоб-китобда ҚҚСнинг 40 фоизи қайтарилади.

Миллий вақт шкаласи (UTC UZ)

Ўзбекистонда миллий вақт шкаласи жорий қилинади. У аниқ вақтнинг расмий стандартидир.

Янги йилдан бошлаб амалга кирувчи бу ўзгаришлар мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва маъмурий ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.