Нега ҳамма, ҳатто Саида Мирзиёева ҳам Феруза? Нима шовқин?

Нега ҳамма, ҳатто Саида Мирзиёева ҳам Феруза? Нима шовқин?

7 август оқшомида, аниқроғи, куннинг иккинчи ярмидан бошлаб ижтимоий тармоқлар журналист Феруза Нажмиддиновага далда берувчи мурожаатларга тўлди. Уни нафақат ҳамкасблари ва давлат органлари, балки Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳам қўллаб-қувватлади. Жараённи бошидан кузатмаган, тафсилотлардан бехабар одам учун турфа машҳурларнинг ҳар ёқдан қандайдир «ифлос видео» ва шантажга қарши баёнотлари жуда тушунарсиз кўринади. «Дарё» #men_feruzaman акцияси билан боғлиқ барча тафсилотларни бир саҳифага жамлашга ҳаракат қилди. 

 Феруза Нажмиддинова.

Фото: Instagram / @f.najmiddinova.qalampiruz

Феруза Нажмиддинова ким ва у билан нима содир бўлди?

29 ёшли Феруза Нажмиддинова 2019 йилдан буён «Qalampir.uz» интернет-нашрида ишлайди, ҳозирда бош муҳаррир ўринбосари. «Qalampir.uz» нашрининг қайд этишича, Феруза «жамоада ва жамиятда, ўқувчилар орасида тартибли, фидойи, садоқатли, ҳалол журналист сифатида ҳурмат қозонган». 2021 йили «Йилнинг энг фаол журналисти» танловида ғолиб бўлган. Нажмиддинова хонимнинг 2020—2021 йиллардаги журналистлик фаолияти танқидий ва таҳлилий материаллар билан боғлиқ. «Албатта, бундай танқидий материаллар учун у бир неча бор тазйиқ, таҳдидга, ‘олиб ташлайсан’ ёки ‘чиқармайсан’ деган дағдағаларга ҳам учраган», — дейилади интернет-нашр баёнотида (Ферузанинг онаси Муқаддас Эргашева 2020 йили Масс-медиа фондига берган интервьюсида: «Охирги йили ҳар хил воқеалар чиқди, уни ёритди, буни ёритди, ўшаларда бир-икки марта қўнғироқлар бўлди, «вой, бекор чиқарибсизлар, Ферузахон, олиб ташланглар», деб айтишди. Ўшанда хавотир олдим озгина», — деганди).

Юқоридаги таъкидланганидек, Феруза Нажмиддинова долзарб мавзулардаги репортаж ва интервьюлари билан танилган. У шундай репортажларидан бирини 6 август куни эълон қилган. Унда Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, 20 июлдан эътиборан Ўзбекистонда умумий овқатланиш объектлари — ресторан, кафе, ошхона ва чойхоналарнинг соат 08:00 дан 20:00 гача фақат очиқ ҳавода ишлашига рухсат берилганига қарамай, Tashkent City’даги аксарият кафе ва ресторанлар 22:00 гача гавжум экани, хўрандаларга ичкарида ҳам, ташқарида ҳам хизмат кўрсатаётгани баён этилган.

«Тошкент шаҳри ҳудудида кафе, ресторан ва овқатланиш объектлари кўп. Лекин уларнинг аксари соат 20:00 дан сўнг иш фаолиятини тўхтатиб, фақат етказиб бериш билан шуғулланмоқда. Айрим ресторанлар на карантин қоидаси, на Махсус комиссия қарорини менсияпти ва бунга Tashkent City рўпарасидаги Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам кўз юммоқда... Назоратга масъул бўлганлар...-нинг парвойи фалак. Хўш, улар ҳамма кўриб турган нарсани кўрмаяптими ёки кўришни истамаяпти? Оддий одамлар маска тақмаганига жарима солиб, ОАВда дод деб чиқадиганлар қаерда?», — дейилади Феруза Нажмиддинованинг «Tashkent City’даги ресторанларнинг ‘танка’си борми? Махсус комиссия қарори нега ишламаяпти?» сарлавҳали репортажида.

Ушбу репортаж эълон қилинганининг эртасига, 7 август куни ижтимоий тармоқларда Феруза Нажмиддиновани обрўсизлантирувчи медиаматериал эълон қилинган (мазкур медиаматериални эълон қилиш ва тарқатиш этика нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқ эмас). Унда Нажмиддинова хонимнинг алоҳида (портрет) суратлари, тахминларга кўра, Olmazor City турар жой мажмуасидаги кўп қаватли уй балконида жинсий алоқа билан шуғулланаётган жуфтликнинг қарама-қарши уйдаги шахс томонидан яширинча олинган видеоси (маълумотларга кўра, ушбу видеоролик жорий воқеадан бир неча кун аввал TikTok тармоғида эълон қилинган) билан кетма-кет қўйилган ҳолда монтаж қилиниб, «Балкондаги машҳур қиз ‘Qalampir.uz’ журналисти Феруза Нажмиддинова экан» деган ёзув билан тарқатилган. Алоҳида қайд этиш жоиз, Olmazor City’да олингани айтилаётган видеонинг сифати паст, ундаги шахсларнинг кимлигини айнан шу видеога асосланган ҳолда айтиш имконсиз.

Шунга қарамай, медиаматериал ижтимоий тармоқларда етарлича шов-шувга сабаб бўлган (блогер Шаҳноза Соатованинг қайд этишича, ўша видео Facebook’даги 35 минг кишилик гуруҳда ярим кун турган. «Ўша 35 минг кишилик гуруҳ админлари эса тап тортмай бўҳтонни ўтказишди, ушлаб туришди, шарҳларда-ку нималар дейилмади», деб ёзади блогер). Шундан сўнг «Qalampir.uz» интернет-нашри алоҳида баёнот берган.

«Бугун биз исталган одамни ‘шессекунд’да шарманда қилиш, унинг устидан исталган мағзава ағдариб, томоша қилиб туриш, обрўсизлантириш ва шу йўсинда алам олиш осон бўлган даврда яшаяпмиз... Ушбу видеога исталган аёлнинг, айтайлик, амалдор аёлларнинг ёки амалдорларнинг қизи, жияни, аёли суратини ҳам қўйиб, ‘шунақа иш бўлибди’, деб тарқатиш мумкин ва бу ҳақиқат бўлолмайди... Халқ ўз қаҳрамонларини яхши танийди ва уларни ‘шессекунд’да шарманда қилиш мумкин эмас.

Мазкур ҳолат жинсидан қатъи назар исталган журналист билан рўй бериши, уларнинг шаъни ҳам ана шундай топталиши мумкинлигини инобатга олсак, Ўзбекистонда журналистларнинг дахлсизлиги масаласи янада долзарб бўлиб бораётганини фаҳмлаймиз... Аёллар касбий фаолияти ортидан бу шаклда таҳқирланиши жамиятда гендер тенгликнинг бузилишига, аёллар соҳаларни тарк этишига олиб келади», — дейилади «Qalampir.uz» баёнотида.

Маълум қилинишича, интернет-нашр таҳририяти ва бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилиб, ушбу бўҳтон ва асосланмаган видеони тарқатганлар топилиши, уларга нисбатан чора кўрилишини сўраган. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматидан маълум қилишларича, ҳозирда Феруза Нажмиддинованинг мурожаати бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади. ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг таъкидлашича, «вазият Ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинган»; вазирлик матбуот хизматидан «Дарё»га қўшимча қилишларича, 8 август ҳолатига кўра гумонланувчилар топилганича йўқ.

Ҳамма (деярли ҳамма) Феруза

«Qalampir.uz»нинг баёноти ортидан ижтимоий тармоқ фаоллари, блогерлар, журналистлар, депутатлар ва бошқа бир қатор таниқли шахслар интернет-нашр ва унинг журналисти Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлаб чиқди. Уларнинг аксарияти ўз хабарларига #men_feruzaman ҳештегини илова қилган.

«Феруза, биз сиз билан биргамиз! Биз сиз тарафдамиз!», деб муносабат билдирди Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева. У Феруза Нажмиддинова дуч келган вазиятни «нафақат журналистнинг касбий ҳуқуқлари, балки асосий инсон ҳуқуқлари бузилишининг энг шафқатсиз ҳолатларидан бири», деб таърифлади. «Бу ҳолатнинг адолатли ўрганилиши Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан назоратга олинди. Биз интернет тармоғидаги уюшган тазйиқ ҳолатларининг давом этишига йўл қўймаймиз», — дея қайд этиб ўтди Норбоева хоним.

Ўзбекистон омбудсмани Феруза Эшматованинг баёнотида шундай дейилади: «Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлашда халқ дардини танқидий ва таҳлилий руҳда олиб чиқаётган журъатли журналистни, қўпол қилиб айтганда, овозини ўчиришга қаратилган ушбу хатти-ҳаракат қонун нормаларига мутлақо зид». Омбудсман хоним «бундай вазиятда кўпчилик журналистларнинг бирлашиши натижасида танқидий таҳлилий материаллар янада кўпайиши»га, «журъатли ва қўрқмас қалам аҳли бу каби зарбалардан янада тобланиши»га ишонч билдирган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати юз берган ҳолат «ҳуқуқ ва ахлоқ нормаларига, давлат раҳбарининг сўз эркинлигини таъминлашга ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсатига зид» эканини кўрсатиб ўтган. Феруза Нажмиддинованинг «одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясидан яхши хабари бор» АОКА эса «ОАВ вакиллари шахсини обрўсизлантириш, журналистлар фаолиятига қинғир ва ноқонуний йўллар билан дахл қилишга бўлган уринишларни кескин қоралаши»ни билдирган. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровнинг фикрича, бу нафақат «Qalampir.uz» журналистига, балки «журналист касбини эгаллаган барча аёлларга ҳам таҳдид»дир. У Бош прокуратурадан мазкур масалани ўз назоратига олишни сўраган.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг таъкидлашича, интернетдаги уюшган тазйиқ «журналистларга босим ўтказишнинг энг жирканч усулларидан бири бўлиб қолмоқда». «Одатда бундай усулдан ножоиз ёки ноқонуний ишлари журналистик суриштирувга тушганлар фойдаланади», — дейди у. Алламжоновнинг айтишича, «бунинг йўли оддий — ёлғон қанчалик даҳшатли бўлса, унга ишониш шунчалик осон». «Тармоққа қинғир фейк жойланиб, ёлғоннинг тўлақонли тарғиботи бошланади. Мақсад — журналистларни қўрқитиб, уларни хизмат вазифаларини бажаришдан бош тортишга мажбур қилиш», — тушунтиради у.

«Ҳамкасблар, агар сизнинг овозингизни ўчиришга, номингизни чаплашга ёки туҳматга қолдиришга уринишаётган бўлса, демак, Сиз тўғри йўлдасиз, кимгадир қаттиқ тегиб кетган ҳақиқатни ёзяпсиз», — деб далда берган Алламжонов. Фонд Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева эса журналист ва блогер хотин-қизларга алоҳида видеомурожаат йўллаб, уларни «шаштни сўндирмаслик»ка чақирди. «Шантаж, бўҳтонлар сизни синдириб қўймасин! Мен сиз биланман!», — деди Мирзиёева хоним ва ижтимоий тармоқларда қолдирган постига #men_feruzaman ҳештегини илова қилди.

Журналист Азиза Қурбонова «боши йўқ, тайини йўқ, кимлиги номаълум ифлос кадрларни Ферузанинг суратларига тиркаб, ‘вирус видео’ тарқатилиши атайлаб қилингани аниқ»лигини таъкидларкан, ҳуқуқ органларидан «аёл журналистнинг шаъни дахлсизлиги таъминланиши, бу ишнинг бошида-қошида турган жиноятчилар аниқланиши ва чора кўрилишини, тармоқлардан фейк видеони олдириб ташлашларини» сўраган. Ўз навбатида Азиза Қурбонова ҳам иштирокчиси бўлган «Мумтоз давра»даги фаол хотин-қизлар Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлаб чиққан.

«Журналистга туҳмат қилишнинг ҳадисини олган ҳаромхўр шантажчиларнинг иши бу. Қайсики, аввал ҳам ‘Журналист мендан 1 гектар ер сўради’, ‘Таксида ёнингга гейни ўтказиб қўйиб, шессекундда съёмка қиламан’ дегувчи тўданинг... Сенлардан зўрларнинг неварасининг шир яланғоч расмлари чиқиб кетди. Ўзини ‘худоман’ деганларни ҳам кўрдик. Аллоҳ ҳаммасини кўриб турибди. Улар ўзларини маккор ҳисоблар, аммо Аллоҳ маккорроқ», — деб вазиятга муносабат билдирган журналист Шуҳрат Шокиржонов. Депутат Расул Кушербаев «ҳақиқий эркаклари бор жамият, жамоа, оилада аёл кишига ҳеч қачон пасткашлик йўли танланмас»лигини таъкидлаган.