Сирдарёда 4-сектор ҳудудида 94 нафар хотин-қизларга 2,2 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилди

Улашиш:

Ҳовлидаги томорқасидан унумли фойдаланиш учун иссиқхона қуришни мақсад қилган  мирзаободлик Феруза Боймуродовага 4-сектор мутасаддилари кўмакка келди.

Мирзаобод туманининг «Тошкент» маҳалласида яшайдиган Феруза Боймуродовага 4-сектор тавсияси асосида имтиёзли кредит ажратилди. Натижада хонадон соҳиблари томорқанинг бир қисмига иссиқхона ташкил этиб, лимон кўчатларини экди. Кўрсатилаётган яхши парвариш, яратилган қулай муҳит натижасида кўчатлар яхши бўй чўзиб, меҳнатнинг ширин меваси - нишона ҳосилини кўрсатди. Феруза Боймуродова томорқада ишлаш билан бирга пенсия таъминоти учун зарур иш стажига ҳам эга бўлмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида Ф.Боймуродова ўзини-ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтди. Шу ўринда вилоят бўйича ўзини ўзи банд қилганлар 1 октябрь ҳолатига 11 минг 500 нафарга яқинни ташкил этаётгани ҳам мазкур тизимга аҳоли томонидан катта қизиқиш билдираётганининг далолати ҳисобланади. Айнан қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар соҳасида вилоятда 3 минг нафардан ортиқ фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизимдан рўйхатдан ўтган.

- Оиламиз билан томорқамизда кичик иссиқхона ташкил қилдик, - дейди Феруза Боймуродова. – Бунда 4-сектор тавсияси асосида ажратилган 25 миллион сўмлик маблағдан фойдаландик. Лимондан бу йил 200 килограм ҳосил олишни кутиб турибмиз. Иссиқхонамизга янгича гибрид навини ҳам экиб кўргандик ривожи ва ҳосилдорлиги яхши экан. Келгусида томорқамизнинг қолган қисмига ҳам иссиқхона ташкил этиб оиламиз даромадини кўпайтиришни мақсад қилганмиз.

Дарҳақиқат Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳудуддаги ишсиз, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида тадбиркорликка жалб этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилганлиги ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда.

Хотин-қизларни ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида тадбиркорликка жалб этиш бўйича йўлга қўйилган тизимли ишлар натижасида вилоят 4-секторида 94 нафар хотин қизларга 2 миллиард 200 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.

 

Илғор Халилов,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Матбуот хизмати ходими

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.