Жиззахда 817 нафар эҳтиёжманд оилага 401 млн.сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди

Улашиш:

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида  Жиззахда  4-сектор томонидан 817 нафар эҳтиёжманд оилага 401 млн.сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Яқинда  4-сектор масъуллари яна бир хайрли ишга қўл уришди. Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи оғир бемор Зулайҳо Давлатовага Самарқанд шаҳрида даволаниши учун кўмак кўрсатилди.

Жиззах шаҳар  4-сектор ҳудудига қарашли “Шодлик” маҳалласида  истиқомат қилувчи фуқаро  Гўзал Боймуродованинг 4 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Жасур Боймуродов 2-гуруҳ ногирони. Уларнинг яшаш шароитлари  оғир бўлиб, иқтисодий томондан қийналган оила саналади. Шаҳардаги ошхона ва чойхоналарда энг оғир юмушларни бажариб, рўзғор тебратаётган Гўзал Боймуродова учун  2021 йил якуни жуда оғир ва ташвишли  келди. Иккинчи фарзанди 23 ёшли Зулайхо  ота уйига меҳмонга келиб, тандирга нон ёпиш истагида бахтсиз ходиса туфайли ёниб кетган.

Врачлар унга "тананинг юз, бўйин, елка, билак, панжа, кўкрак, қорин ва ўнг сон олд юқори қисми соҳаси 2-3 даражали  оғир термик куйиш" ташхисини қўйишди. Камига оғир аҳволдаги 3 ойлик келинчак хомиласидан айрилди.

Гўзал Боймуродовага осон бўлмади. Фарзандининг жуда оғир аҳволдалиги етмагандай, камига уни даволатиш учун қўлида етарлича сармояси ҳам йўқ эди. Маҳалла-кўйнинг тавсияси билан вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4- сектор раҳбарига қизини даволатишга ёрдам сўраб хат билан мурожаат қилди.

Вилоят ДСБ бошлиғи, 4-сектор раҳбари Б.Ташпулатов мурожаатчининг  уйига бориб, беморнинг аҳволи билан яқиндан танишди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида Зулайхони даволатиш учун бор имконият ишга солинди. Уни  Самарқанд вилоятида даволаниши учун 40 миллион сўм маблағ ажратилиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилда ва зарур дори-дармон воситалари олиб берилди.

Ҳозир Зулайҳо Давлатованинг аҳволи жуда яхши. Маҳалланинг “ёшлар дафтари”га киритилган.  Солиқ ходимлари унга дори-дармонларни ҳалиям етказиб туришибди. Хонадоннинг мол-мулк ҳамда ер солиғи тўлиқ тўлаб берилди.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.