“Бензин қорабозори”га қачон чек қўйилади. Жиззахда олибсотарлар АИ 80 маркали бензинни 10 минг сўмдан таклиф қилмоқда

Улашиш:

Бугун Жиззахдаги ҳайдовчилар аъзо телеграм гуруҳларида очиқдан – очиқ АИ 80, 91,92 маркали бензинларни қўлда, ҳатто етказиб бериш хизмати (доставка) билан қиммат нархларда таклиф қилаётган олғирларни учратиш мумкин. Улар бугун АЁҚШларда 5700 сўмдан сотилаётган АИ 80 маркали бензинни 9-10 минг сўмдан таклиф қилишмоқда. 

Бундан кўринадики, уларнинг бу хатти-ҳаракатларини бугунги ёқилғи муаммоси авжига чиққан, турнақатор навбатларда туришни истамайдиган айрим ҳайдовчиларга гўёки “яхшилик” қилиш ниқоби остида моддий манфаат кўриш деб баҳолаш мумкин. Улардан бензинни қаердан олганликларини сўрасангиз Гулистон, Тошкент ёки Самарқанддан келтириб сотишаётганликларини маълум қиладилар. 

Айни пайтда мавжуд метан заправкаларнинг ишламаётгани шу вақтгача кўпчиликка керак бўлмаган бензинга бўлган эҳтиёжни ошириб юборди. Ўзи халқ бошига ташвиш тушганда ёки хурсандчилик келганда ундан фойда кўришни боплайдиган миллат бўлиб улгурганимизга анча бўлган. Айниқса байрамлар арафасида йўлкира нархларининг 2-3 баробар кўтарилиб кетиши, ёки бозорда қандайдир маҳсулот тортилиб қолса, ўша маҳсулотни нисбатан 3-4 баробар қимматига таклиф қилувчилар ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилиниши сир эмас. Афсуски бу кўп ҳолларда иш бермайди. 

Бугунги кунда ёқилғи тақчиллиги муаммоси ҳам бошқа соҳаларга таъсирини кўрсатмай қўймаяпти. Айниқса йўлкира нархларининг ошиб кетиши, талаба ва ўқувчилар, қарияларга қийинчилик  туғдирмоқда. Жиззах шаҳридаги “Марказий” деҳқон бозори (Кўкбозор)дан манзилга қадар етиб олмоқчи бўлган йўловчилардан “Дамас” автомашиналари 5000, бошқа енгил автомобил (такси)лар 10 минг сўмдан олаётганлиги ҳақида маълумотлар бор.

 Жиззах шаҳар ҳокимлиги берган маълумотга кўра,    АИ-80 маркали бензин-5700 сўм, АИ-92 маркали бензин-9500 сўм, АИ-95 маркали бензин-10500 сўм.

Умид қиламизки, яқин кунларда метан газ заправкалари очилгач бу каби муаммолар ҳам ўз – ўзидан бартараф этилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.