«Маҳмуд Абдулмўмин» таъсирига тушган шахс 10 йилга қамалди

Улашиш:

Интернетда «Ҳизб ут-Таҳрир» ташкилоти материалларини тарқатган ташкилот тарафдори 10 йилга қамалди.

ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, жорий йилнинг февраль ойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида Қўқонда яшаган Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти тарафдори 1979 йилда Фарғона вилоятида туғилган А.М.нинг жиноий фаолиятига чек қўйилган эди.

Тергов жараёнида маълум бўлишича, А.М. муқаддам «Ҳизб ут-Таҳрир» сафида фаолият олиб борганлиги учун 2000-2004 ва 2007-2013 йилларда жазо муддатини ўтаб чиққан.

Бироқ, у ўзига тегишли хулоса чиқармай жиноий фаолиятини тиклаб, Интернетнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги «Азам Шодмонов» номли профили орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилиб, виртуал дўстларига «Ҳизб ут-Таҳрир» ДЭТнинг аудио-видео материалларини тарқатиб келган.

А.М.нинг жиноий ҳаракатлари айни пайтда, Полшада яшириниб келаётган «Ҳизб ут-Таҳрир» ДЭТнинг ғоявий етакчиларидан бири бўлган, Ўзбекистондаги ва хориждаги ўзбекистонликларни радикаллашувига ҳамда жиноятчига айланиб қолишларига сабабчи бўлаётган «Маҳмуд Абдулмўмин» тахаллусли 1980 йилда Қирғизистон Республикасида туғилган, мазкур давлат фуқароси ва содир этган жиноятлари учун халқаро қидирувда бўлган Холдаров Махмуджон Абдумаликович томонидан бошқарилган.

Жорий йилнинг июль ойида А.М. нинг жиноий қилмишлари Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, у 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро қидирувдаги жиноятчининг «йўриғида юрган» синфдошлар, шунингдек, Тошкентда бизнес вакиллари қўлга олинганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.