Бахмал олмаси, баланд тоғлари, гўзал табиати, дардга шифо булоқлари ва меҳнаткаш деҳқонлари – бахмал тумани ҳақида нималарни биласиз

Улашиш:

Бахмал тумани — Жиззах вилоятининг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, туман сифатида 1943 йил 8 майда ташкил этилган. Бахмал тумани Ғаллаорол, Жиззах, Зомин туманлари, Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Майдони 1,86 минг км²  ни ташкил этади. Аҳолиси ўртача 115 минг киши. Бахмал туманида 1 шаҳарча (Усмат) ва 11 қишлоқ фуқаролари йиғини (Барлос, Бахмал, Боғишамол, Гулбулоқ, Муғол, Ойқор, Оқгош, Сангзор, Тонготар, Узунбулок) бор. Маркази — Ўсмат шаҳарчаси ҳисобланади.

 

Табиат – Туман ҳудуди, асосан, тоғ олди текисликлари ва тоғлардан иборат. Бахмал туманининг жанубий қисмида Туркистон тизмаси ва унинг шимолий-ғарбий тар-моғи — Молгузар тоғлари жойлашган (энг баланд жойи 2621 м). Молгузар тоғлари билан Туркистон тизмаси оралиғида Сангзор водийси бор. Иқлими кескин континентал. Январнинг ўртача температураси —5° дан —9* гача, июл ойиники 25°, тоғли қисмида 15°. Йилига ўртача 300 – 750 мм ёғин тушади. Туман ҳудудида “Саъд-Ваққос” ота булоғи бор. Тупроқлари асосан тўқ тусли бўз тупроқлар ва тўқ жигарранг тупроқлар, тоғ ва баланд тоғ-дашт тулроқлари, шарқида типик бўз тупроқлар тарқалган. Эфемер ва эфемероид, ксерофит ўсимликлари ўсади. Бутазор, арчазор, ёнғоқзорлар учрайди. Бодом, ёввойи олма, олча, дўлана бор. Бахмал туманининг тоғ олди зоналарида йиртқичлар, бўрсиқ, тулки, бўри, судралиб юрувчилардан кўлбор илон, калтакссаклар, юмронқозиқ, қушлардан каклик, ғур-рак ва бошқа учрайди.

Аҳолиси – асосан, ўзбеклар (92,4%); шунингдек рус, қозоқ, тожик, қирғиз, молдован, татар ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Ҳудудда Христиан ва Ислом динига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. 1 км² га ўртача 10 кишидан 25 кишигача тўғри келади.

 

 

Хўжалиги – Бахмал туманида мармар кони, арақ-вино ва асфалт заводлари, босмахона, палое ва гилам тўқиш цехлари, қурилиш ташкилотлари бор. Туманда бўрдоқичилик фермалари, механизациялашган ўрмон хўжалиги мавжуд. Асосан ғаллачилик ва чорвачилик ривожланган. Қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерлар 6,6 минг гектарни, шу жумладан, 0,4 минг гектар ерга сабзавот, 2 минг гектар ерга беда, 200 га ерга маккажўхори экилади. Боғ, токзор, тутзор, олмазор, ўрмонлар бор. Бахмал туманида 2 жамоа хўжалиги, 1 давлат хўжалиги, коператив хўжаликлар, 330 га яқин фермер хўжалиги ва бошқа 12 хўжалик бор. Туман жамоа ва шахсий хўжаликларида 65,7 минг қорамол, 122,2 минг қўй ва эчки, 62,1 минг парранда бор. Автомобил йўллари 460 км ни ташкил этади.

 

Бахмал - Жиззах вилояти туманларидан бири. Бахмал туман маркази Ўсмат шаҳарчаси.

Аҳолисининг даромад манбаи асосан, деҳқончиклик ва чорвачилик ҳисобланади. Туманда сўнги йилларда ижтимоий соҳага эътибор қаратилиб, мактаб ва боғчалар ташкил этилди ва ички йўллар таъмирланди. Ҳозирда туман бўйича энг ката инвестиция – Заъфарон ўсимлик биснесини ташкил қилади.

Умуман олганда, гўзал табиатли Бахмалда бугунги кунда туризм ҳам ривожланиб бормоқда ва ёзда салқинлиги билан ўзига жалб қиладиган тоғлари барча Ўзбекистонликларни чорлаб қолмоқда.

Самандар Ҳазратқулов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.