Фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартибига ўзгартириш киритилади

Улашиш:

 “Ўзбекистон фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги президент қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасида фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартиби айрим жиҳатларига аниқликлар киритилди. Жумладан:

  • муқаддам махсус унвонда хизматни ўтаган ходим номига доғ туширувчи хатти-ҳаракатни содир этгани ёки хизмат вазифасига нолойиқ бўлиб қолгани сабабли хизматдан бўшатилган фуқароларга контракт бўйича ҳарбий хизматга киришга рад жавоби берилиши белгиланди ва бу билан шундай ҳаракат учун ҳуқуқий асос пайдо қилинди;
  • ҳарбий хизматчиларни юқори турувчи лавозимларга тайинлашда улар томонидан лавозимда камида икки йил хизмат қилиш зарурлиги нормаси мавжуд бўлгани сабабли қисқа муддат ичида муайян вакант лавозимни бутлаш, олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларини жойлаштириш учун лавозимларни бўшатиш масаласида муаммолар туғилаётгани сабабли ушбу талаб низомдан чиқариб ташланди;
  • интизомий чора қўллаш тартибида лавозимидан пасайтирилган ҳарбий хизматчиларни юқори лавозимларга тайинланиш ҳамда ҳарбий унвонидан бир поғона пасайтирилган ҳарбий хизматчиларни унвонида тиклаш тартибига аниқликлар киритилди
  • ҳарбий хизматдаги ва ундан бўшатилган ҳарбий хизматчилар, улар оила аъзолари ҳамда ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчилар оила аъзоларига тиббий хизмат кўрсатиш, санаторий-курорт муассасаларида даволаниш тартибига аниқликлар киритилди;
  • ҳарбий хизмат умумий давомийлиги йигирма йилга бир йилгача етмаган, ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларни хизматда бўлиш муддати вазирлик раҳбари буйруғи билан белгиланиш нормаси киритилди;
  • берилган ҳарбий унвонда бўлиш белгиланган хизмат муддатидан камида иккитасини ўтаган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга бир поғона юқори ҳарбий унвон бериш тартибига аниқлик киритилиб, бу тартиб сержантлар таркиби контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга ҳам татбиқ этилиши белгиланди;
  • “III даражали сержант”, “II даражали сержант”, “I даражали сержант” ва “катта сержант” ҳарбий унвонларини бериш тартибига аниқлик киритилиб, тор доирадаги мутахассисларга тегишли таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тамомлаганидан кейин ушбу ҳарбий унвонларни бериш мумкинлиги нормаси киритилди;
  • хизмат ва ҳарбий бурчни бажаришда алоҳида намуна кўрсатган, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга вазирликлар раҳбарлари томонидан навбатдаги ҳарбий унвонлар муддатидан аввал берилиши мумкинлиги нормаси қўшилди;
  • контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга қўшимча таътил муддатини белгилашда Миллий гвардия ва суд органларидаги хизмат ҳарбий лавозимга тайинланган ходимларга махсус унвонлар (мартаба даражалар) берилган кундан бошлаб ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланиши белгиланди;
  • камида йигирма календар йили мобайнида ҳарбий хизматни бенуқсон ўтаган офицерлар билан бир қаторда, оддий аскар ва сержантлар таркибига ҳам ҳарбий хизматдан бўшатилаётган вақтда тегишли буйруқлар билан ҳарбий кийим-кечак кийиш ва фарқловчи нишонларни тақиш ҳуқуқи берилди.


Билдирилишича, қарор лойиҳасини қабул қилиш орқали Ўзбекистон фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилади ҳамда ҳарбий хизматчилар ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга эришилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.