ХТВ мактаб дарсликлари ижараси нархлари ошганига изоҳ берди

Улашиш:

Жорий ўқув йилида мактабларда ўқув дарсликларининг ўртача ижара нархи икки бараварга ошди. ХТВ буни қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлади.

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси нархи «2−3 бараварга» қимматлашгани ва биринчи чоракдан кейингина янги китоблар чиқарилишидан шикоят қилишмоқда.

Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, Республика мақсадли китоб жамғармасининг Васийлик кенгаши дарсликлар ва машқ дафтарларининг ижара тўлови миқдорларини белгилади (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун, бошқа тиллардадаги дарслик ижаралари нархлари қуйидаги жадвалда келтирилган).

2-синф: 102,7 минг сўм

3-синф: 102,7 минг сўм

4-синф: 68,5 минг сўм

5-синф: 85,6 минг сўм

6-синф: 74,2 минг сўм

7-синф: 102,7 минг сўм

8-синф: 108,4 минг сўм

9-синф: 108,4 минг сўм

10-синф: 102,7 минг сўм

11-синф: 119,8 минг сўм

ХТВнинг қайд этишича, жорий йилда президент фармони билан умумтаълим мактабларининг 3-, 6-, 7- ва 10-синфлари учун тўлиқ, шунингдек 2- ва 3-синф учун машқ дафтарлари, барча синфлар учун инглиз тили, немис тили ва рус тили фанларидан жами 60 миллион нусха янги авлод дарсликлари (2021 йилда 25 миллион дарслик) чоп этилмоқда.

«Жорий йилда янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатларининг, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи (фақатгина 2022 йилнинг ўзида қоғоз нархи 60−70 фоизга ошган) ва қоғозни мамлакатимизга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши, табиийки дарсликларни чоп этиш учун ҳаражатларнинг ҳам ошиб кетишига олиб келди», — дейилади хабарда.

ХТВ маълумотларига кўра, ижара тўлови миқдорлари дарсликлар учун амалга оширилган харажатлардан келиб чиқиб, бир дона дарслик учун ягона суммасини тўпламдаги дарслик ва машқ дафтарлари сонига кўпайтириш йўли орқали белгиланади. Бунда ягона сумма барча синф ва таълим тиллар учун бир хил этиб белгиланади.

Жорий ўқув йилида ўртача бир дона дарслик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5707 сўмни ташкил этмоқда ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108%) ошган.

Ижара тўлови суммасини ота-оналар дарслик тўпламини тўлиқ олгач, 1 октябрга қадар амалга оширишлари мумкин.

Шу ўринда қуйидаги фуқаролар дарслик ижара тўловидан озод этилишини эслатиб ўтамиз:

биринчи синф ўқувчилари;

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оилаларнинг фарзандлари;

«Меҳрибонлик уй"лари тарбияланувчилари;

Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ўқувчилари.

«Газета.uz» ХТВга йил охирига қадар 3, 6, 7 ва 10-синфлар учун янги дарсликларни ишлаб чиқиш топширилгани, бироқ жадвалдан илгарилаб кетилгани сабабли ўқувчилар сентябрданоқ уларни қабул қилиб олишни бошлаши ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, қоғоз нархлари ошиб кетгани боис ҳукуматга қўшимча маблағ зарур бўлмоқда.

Май ойида президент томонидан 2026 йилгача Мактаб таълимини ривожлантириш дастури тасдиқланди. Давлат мактабларига ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритиш ва алоҳида фанлар бўйича дарсликлар танлашга рухсат берилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.