Биринчи («Первый») каналда Валдис Пельшнинг «Ўзбекистон. Уфқга назар» фильмининг премьераси бўлиб ўтди

Улашиш:

2022 йил 18 сентябрь куни Россия телевидениесининг «Первый» каналида Валдис Пельшнинг “Ўзбекистон. Уфқга назар» фильми намойиш этилди.

Таниқли телебошловчи 36 дақиқалик ҳужжатли фильмда Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳатлари, замонавий қиёфаси ҳақида ўз нуқтаи назарини тақдим этди, мамлакатимизнинг энг муҳим тармоқлари, жумладан, энергетика қандай ривожланаётгани ҳақида гапириб берди.

Фильмни яратиш учун суратга олиш гуруҳи Самарқанд, Тошкент, Шаҳрисабз шаҳарларида бўлиб, бу шаҳарларнинг улуғворлиги, гўзаллиги ва иқтисодий имкониятлари ушбу фильмда ўз аксини топган.

«Тасвирга олиш жараёни 23 кун давом этди ва шу вақт ичида суратга олиш гуруҳи ўнлаб шаҳарлар ва қизиқарли жойларни зиёрат қилди. Албатта, биз республиканинг кўп қисмини кўра олмадик, лекин ўзимиз учун катта кашфиётлар қилдик. Масалан, Шаҳрисабз биз учун тўлиқ янгилик бўла олди. Бу бетакрор диққатга сазовор жойлар ва жуда яхши одамларга эга ажойиб маскан экан. Фильм саёҳат жанрида суратга олинган. Ушбу фильмни суратга олиш жараёнида иштирок этган барчага катта раҳмат”, — дея изоҳ берди Валдис Пельш.

Фильм «Eriell Group» нефть-сервис компаниясининг ташкилий ва ҳомийлик кўмагида Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда суратга олинган бўлиб, ўзбек ва рус киноижодкорлари ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳужжатли фильмни яратиш бўйича меморандум 2020 йил декабрь ойида “Ўзбекистон киноси: ўтмиш, бугунги кун, келажак” Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги доирасида имзоланган эди.

Фильмни «Биринчи канал» сайтида томоша қилишингиз мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.