Тошкентда ўзини ҳокимлик ходими деб таништирган фирибгар ушланган. У уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш масаласини ҳал этишни ваъда қилган

Улашиш:

Tошкентда ўзини ҳокимлик ходими   деб таништирган фирибгар ушланган. У маълум миқдордаги пул эвазига   уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш масаласини ҳал этишни ваъда   қилган. Бу ҳақда ИИББ хабар бермоқда. 

35 ёшли Анвар ўтмишидан хулоса чиқармай, яна жиноят содир этиш йўлига ўтган. Бу гал у ўзини ҳокимлик вакили сифатида таништиришга қарор қилиб, жиноий режа тузган. Одамлар билан учрашганда, у ўзини маълум бир тоифадаги фуқароларга ажратиладиган уй-жой сотиб олиш учун субсидия олишда ёрдам берадиган бўлим бошлиғи сифатида кўрсатган. 

54 ёшли Мунира исмли аёл фибрибгар чангалига тушиб қолган. Фирибгар билан телефон орқали боғланиб, аёл ўзининг уй-жой муаммолари ҳақида айтиб берган. Анвар ундан танишиб чиқиш учун ҳужжатларини келтиришни сўраган.

Эртаси куни Мунира келишилган жой ва вақтда Анвар билан учрашган ва керакли ҳужжатларни олиб келган. Мунира билан бирга ўз ҳужжатларини “ҳокимлик вакили”га кўрсатиш учун Ўғилой ҳам борган.

Анвар келтирилган ҳужжатларни узоқ ўрганган. Сал ўтгач, у субсидия олиш учун ариза ёзиш кераклигини айтиб, “хизмати”ни 300 минг сўмга баҳолаган. Пулларни эса ҳокимликдаги бошқа кишиларга беришини айтган.

Аёллар уй-жой олиш орзусида унинг шартларига рози бўлишган.   Сўнгра Анвар яна қўнғироқ қилиб, бу сафар субсидия ажратиш учун масъул бўлган банк ходими учун пул сўраган. Ҳар гал маълум шахсларга пул бериш баҳоналари кўпайиб бораверган.

Вақт ўтсада, субсидия масаласи ҳал бўлмаган. Анвар турли сабабларни рўкач қилиб, вақтни чўзаверган. Ҳар-хил баҳоналар қилиб, бошқа кишиларга бериши лозимлигини айтиб, бир неча ой ичида Анвар Мунирадан 12 миллион сўм, Ўғилойдан эса 22.3 миллион сўм олган. 

Қуруқ ваъдалардан чарчаган аёллар охир-оқибат ҳокимлик томон йўл олишган. Маълум бўлишича, бундай одам ҳокимликда ишламас экан. Аёллар дарҳол Шайхонтохур тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилишган. 35 ёшли Анварга нисбатан Жиноят кодексининг 168 моддаси 3 қисми (фирибгарлик) бўйича жиноий иш очилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.