Халқаро андозаларга мос равишда

Улашиш:

Мустақиллик йилларида юртимизда демократик сайловлар муҳим ижтимоий-сиёсий анъанага айланди. Аввало шуни таъкидлаш керакки,  мамлакатимизда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларининг халқаро нормалар ҳамда демократик принципларга тўла жавоб беришида миллий қонунчилик ва сайлов амалиётимизнинг аҳамияти беқиёсдир. Шунинг учун давлатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини кун тартибига қўйган эди.

Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш вазифаси 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йил — “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилди. Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан “Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди. Ушбу Дастурга мувофиқ, Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш ва уни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, муҳокама натижаларига кўра лойиҳа матнини такомиллаштириш ва Сайлов кодексини қабул қилиш, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари ва Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларини Сайлов кодексига мувофиқлаштириш режалаштирилди.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, шубҳасиз, сайлов қонунчилиги соҳасида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Бу қарор мамлакатимиз сайлов тизими ва амалиётини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Буларнинг барчаси, бир томондан, юртимизда сайловларнинг нечоғли улкан ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эгалигини кўрсатса, иккинчи томондан, Президентимиз Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ғоясининг ташаббускори эканини тасдиқлайди.

Маълумки, жорий йилнинг 24 октябрида юртимиз ва ҳалқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа навбатдаги Президент сайлови бўлиб ўтади. Шу сабабли, “Ўзбекистон Республикасиниг 2021 йил 8 февралдаги сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан бир қатор қонунларга, жумладан, Конституциямизга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Унга мувофиқ эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгесига, вилоят, туман, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи эмас, октябрь ойи учинчи ўн кунлигини биринчи якшанбасида ўтказилади.

Бундан ташқари, чет давлатлардаги ватандошларимизга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади. Шунингдек, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкинлигининг белгиланиши, албатта, сайловчиларнинг, хусусан имконияти чекланган фуқароларнинг ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун қулай бўлишига хизмат қилиши табиий.

Қонунларимизнинг халқаро умумэътироф этилган нормаларга мувофиқлаштирилиб борилаётганлигининг тасдиғи сифатида, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида ҳам бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди. Жумладан, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланиши, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланиши, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилиши ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилиши шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлар асосида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман, шаҳар сайлов комиссиялари зиммасига юклатилди.

Киритилган ўзгартишлар сайлов қонунчилигини такомиллаштириш билан бирга, жамиятимизда демократия кўзгуси саналган сайловларнинг халқаро андозаларга мос равишда ўтказилишига хизмат қилади. Президент сайлови  умумэътироф этилган халқаро сайлов принциплари - универсаллик, тенглик, эркинлик, қонунийлик,  адолатлилик, овоз беришнинг яширинлиги, очиқлик ва ҳисобдорлик асосида ўтказилишини таъминлайди. Бу эса  Ватанимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга, дунёнинг энг ривожланган, демократик давлатлари сафидан мустаҳкам жой олишини таъминлайди.

 

Акмал ЭРГАШЕВ,

Жиззах вилояти адлия бошқармаси

 бошлиғи ўринбосари

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.