Дераза ортида 2022-йил Жаноб Бақоев!

Улашиш:

Улуғбек Бақоевда иккинчи режа йўқ эканлиги бугун панд берди. Худди ози сингари чуқур ҳимояланадиган жамоага қарши “бўрилар” ҳеч нарса қила олгани йўқ. Мураббий жамоаси 3 та фронтда курашиб чарчаб қолганини баҳона қилмаслиги керак. Бу рақибга қарши куч эмас, ақл ишлатиб тўп суриш керак эди. Хуллас, 30 йил аввалги услуб билан (агар буни услуб деб бўлса) Малайзияни клубини ҳам ютиб бўлмайди. Уйғонинг! Дераза ортида 2022-йил!

120 дақиқа ҳаводан ташлаб берилган узатмалар билан 6 та ҳимоячи билан ўйнаётган жамоа мудофаасини қандай ёриб ўтиш мумкин? Майли, 2 ё учта соф ҳужумчи билан ҳаракатланадиган жамоа бўлса бошқа гап. Биргина Норхоновга шунча узатмадан кўра, битта ақлли пас бўлганида олам-гулистон эди. Э аттанг, “Суғдиёна” қайсар ўйин услуби сабабли ўзидан 2 бош паст жамоадан енгилди. Аслида, “Куала Лумпур” айтарли ўйин ҳам намойиш этгани йўқ. Шунчаки, зўр ҳимояланди.

“Суғдиёна” стартда танлаган эҳтиёткор тактикасидан панд еди. Ҳужумларда ранг-баранглик йўқ. Жасур Ҳасановдан бошқа бирорта футболчи тўпни ўзига олишга, ўйинни ўзига олишга чўчиб ҳаракат қилди. Худди, програмалаштирилган роботлар сингари ҳаводан узатмалар ёмғирини ёғдирди. Прессингда ишламади. Рақибни эрта кутиб олгани йўқ. Майдон марказидан, қанотдан, стандарт вазиятлардан, бурчакдан ва яна бошқа жойлардан узоқ масофага берилган узатмалар баланд бўйли рақиб ҳимоячилари учун чинакам совғага айланди.

Агар майдон марказида плеймейкерлик қиладиган футболчи таркибда бўлмаганида, мураббийни тушунган бўлар эдим. Хислат Ҳалиловдек топ даражадаги ижрочиси бор “Суғдиёна” нега ўтмаётган пасларга маҳкам ёпишиб олгани тушунарсиз. Ҳа майли, ўйин унутилади. Натижада тарихда қолади. Мана шуниси ёмон. Умид қиламанки, Улуғбек Бақоев бу тарихда қолган натижани эмас, ўйинни эслаб қолади. Карьерасида яна шундай муҳим учрашувлар бўлишига шубҳам йўқ. Умид қиламанки, Бақоев учун тарихда бу услуб катта ўйинларда умуман наф бермаслигини англаши билан қолади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев


Манба: Sports.uz

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.