Болага ота-она масъул, ўқитувчи эмас!

Улашиш:

Бир йили масжиддан, жума намозида катта пул ўғирланганди, таҳоратхонада. Ўғри видеокамерага тушиб қолган, дарҳол аниқланган эди. Қизиғи, бу "ўғри" жума намозига келган, таҳорат олиш учун таҳоратхонага кирган бўлган.

Кейинги жумада имом бу ҳолатга изоҳ бергандилар: "Худонинг ризолигини топаман, деб келган, аммо ўғирлик қилган, нимагаки бу йигитнинг луқмасига ҳаром аралашиб қолган. Бир томондан, унга ҳаром едирган ота-онанинг катта айби! Ҳаром луқма ўзини шундай эслатиб туради. Бу йигит ўғирлик қипти, ҳозир афсусдадир, лекин у яна ўғирлик қилиши мумкин. Сабаби, ўша ҳаром луқма унинг қонида юрибди..."

Болаларни эплаб бўлмай кетяпти, деймиз. Бу бор гап. Тарбия қилиб бўлмаяпти, деймиз. Худди шундай. Сабаби, худди юқоридаги воқеа сабаб, тарбия берувчи тарбияга муҳтож! Емоқ-ичмоқнинг ҳалол-ҳаромлигига қаралмайди.

Отаси катта йўлда йўл қоидасига амал қилмаган, қайсидир ҳайдовчининг йўлига чиққан, қисиб ўтган, пиёдаларни ўтказмаган, қизил чироққа бўйсунмаган... бўлса боласи одобли бўладими?

Ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаган уста, тадбиркор, банкир, сотувчи, давлат амалдори... нинг боласидан нима кутяпсиз?

Ўзидан ўзгани тан олмайдиган одамнинг боласи ҳам ўзидан бошқани бир тийинга илмайди.

Унутмайлик, ЁШ АВЛОД бизнинг аксимиз. Болаларимиз яхши бўлишини истасак, тарбияни ўзимиздан бошлашимиз керак.

Ўқитувчига биз ўзимизнинг феъл ва сажияда (характерда) нусхамиз бўлган фарзандларимизни олиб борамиз. Ўқитувчи боламиздан норози эканми, демак, биздан ҳам норози. Ўзимизнинг қусуримизни йўқотишимиз учун ичимиздаги тўпори ғуруримизни, кибримизни синдириб туришимиз лозим. Бу ўзимизга ҳам, боламизга ҳам жуда катта фойда.

Болангизга ёмонликни раво кўрмайсизку, ахир!

P.S. Ўқитувчининг зўравонлигини ёқламайман. Мақола мавзуси ўқитувчи ҳақида эмас.

Бахтиёр Абдуғафур


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.