Жиззахда тақиқланган диний материалларни интернет орқали тарғиб қилган фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди

Улашиш:

С.Ташкулов (исми шарифи ўзгартирилган) жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига тахдид соладиган “Тавҳид ва жиҳод” катибаси халқаро террористик ташкилотнинг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш ва мазкур ташкилот ёлловчилари “Абдуллоҳ Зуфар” (З.Гаппоров), “Абу Салоҳ” (С.Усмонов), “Содиқ Самарқандий” (С.Муҳаммадиев) ва бошқа шахсларнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш мақсадида, 2021 йилдан 2022 йил 6 январга қадар Россия Федерациясида 2022 йил 6 январдан Ўзбекистон Республикасида интернет жаҳон ахборот тармоғининг “Instagram.com” сайтидан фойдаланиб, 242 нафар обуначиларига диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни фаол тарғиб қилиб келганлиги вилоят ИИБ ТЭҚКБ ходимлари томонидан ўтказилаётган “Преграда” тадбири давомида аниқланиб, ундан “Samsung Galaxy A12” русумли телефон аппарати холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ўтказилган судга оид адабиётшунослик экспертизасининг хулосасига кўра “Instagram.com” сайтидаги профилига жойлаштирилган видеоматериаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги кўрсатилган.

Суд мажлисида С.Ташкулов айбига қисман иқрорлик билдирган бўлса-да, унинг айби гавоҳлар кўрсатувлари, шунингдек жиноят ишидаги интернет профилини кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фотосуратлар; нарсани кўздан кечириш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмитасининг хулосаси, ашёвий далил деб эътироф этиш қарори, дастлабки тергов жараёнида С.Ташкуловнинг уяли телефонидан скриншот қилиб олинган фото суратлар, СD дискдаги С.Ташкуловнинг уяли телефонидан кўчириб олинган суд мажлисида процесс иштирокчилари иштирокида қўйиб кўрсатилган видео ёзувлар ҳамда жиноят ишида тўпланган ва судда текширилган бошқа далиллар билан исботланди.

Суд томонидан С.Ташкуловга Ўзбекистон Республикаси ЖК 2441-моддаси 3-қисмининг “г” банди билан ЖК 57-моддаси тартибида 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят иши Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясида кўрилиб, С.Ташкуловга нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.

 

Шухрат Худаяров

Жиззах вилоят судининг судьяси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.