Ўзбекистонда аҳоли ўзига тегишли бўлган давлат рўйхатидан ўтган ерларни хусусийлаштириш тўлови қисқарди

Улашиш:

Аҳоли ўзига тегишли бўлган давлат рўйхатидан ўтган ерларни хусусийлаштириш тўлови қисқарди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов маълум қилди.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан:

  • хусусийлаштирилаётган ер участкасини сотиб олиш қийматини табақалаштирилган ҳолда камайтириш;
  • ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш муддатлари ва босқичларини қисқартириш;
  • ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишдан тушган маблағларнинг бир қисмини туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдириш;
  • кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудидаги ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишнинг хусусиятларини белгиланди.

Шунингдек, амалда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш босқичлари қисқартирилиб, ижара ҳуқуқи билан ер олишда 48 иш куни, мулк ҳуқуқида 74 иш кунигача сарфланган вақт эндиликда 16 ва 22 иш кунигача қисқартирилди. Бундан ташқари, ерларни бош режада назарда тутилган лотларга мувофиқ, содда тартибда тадбиркорларга бериш амалиёти жорий этилади.

Аҳоли ўзига тегишли бўлган давлат рўйхатидан ўтган ерларни хусусийлаштириш тўлови йиллик ер солиғининг 20 баравари миқдорида бўлган бўлса, эндиликда бу қиймат Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорида белгиланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.