Автобус йўлакларида ҳаракатланган бошқа транспорт ҳайдовчилари қанча жаримага тортилиши маълум қилинди

Улашиш:

Фото: «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати

Тошкентда 20 декабрдан бошлаб жамоат транспортларига устуворлик берувчи ажратилган йўлакларни чизиш ишлари бошланган эди. ИИВ Жамоат хавфсизлиги депертаменти йўл-ҳаракат хавфсизлиги бошқарма бошлиғи Фазлиддин Тошкенбоевнинг маълум қилишича, пойтахтда 475 километрга яқин 34 та алоҳида автобус йўлакчалари ташкил этилади.

«Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб 475 километрга яқин 34 та алоҳида автобус йўлакларини ташкил этиш режалаштирилган. Режага кўра, яқин бир ҳафта ичида асосий — Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли кўчалари бўйлаб, қолган кўчаларда эса 1-2 ой ичида тўлиқ ташкил этилади», — деган у.


Фазлиддин Тошкенбоевнинг айтишича, пойтахтда автобуслар учун чизилаётган йўлакчалар жамоат транспортларининг тирбандликда қолмаслиги учун зарур. Ушбу йўлакчаларда автобуслардан ташқари фақатгина тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва ИИВ автомобиллари ҳаракатланиши мумкин. Қолган автотранспорт воситаларига эса ҳаракатланиш тақиқланади ва бу тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Автомобильларга фақат маълум сабабга кўра, хусусан, йўл ёқасидаги объектларга ёки кўчага кириш учун ушбу йўлакдан фойдаланишга рухсат этилади. Бунинг учун йўлакчаларда узиқ чизиқлар мавжуд бўлиб, тахминан 40-50 метр масофа белгиланади. Кўча ёки объект бошланган жойда ушбу узиқ чизиқларнинг таъсир доираси тугайди ва автомобиллар автобуслар учун мўлжалланган йўлакчани бўшатиб қўйишлари талаб этилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига кўра, ҳеч қандай сабабсиз мазкур тасмага ўтиб ҳаракатланган ҳайдовчилар БҲМнинг иккидан бир қисми (150 минг сўм), ажратилган тасмада сабабсиз тўхтаб турган ҳайдовчилар эса 128-6-моддасига кўра БҲМнинг 2 баравари миқдорида (600 минг сўм) жаримага тортилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.