Самарқандда 1 миллион долларга радиоактив қурилма сотмоқчи бўлганлар ушланди

Улашиш:

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотиш билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинди.

Андижон вилоятида туғилган, муқаддам ЖКнинг бир неча моддалари билан судланган М.С., андижонлик шериги Р.С. ҳамда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.О. ўзаро тил бириктирган ҳолда жиноий гуруҳ тузиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.

Маълум бўлишича, Р.С. жиноий шериги М.С.нинг таклифига кўра, Андижон вилоятидаги танишидан гўёки ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоактив ва заҳарли қурилмаларни Самарқанд шаҳрига олиб келиб, ишончли харидор топилгунига қадар Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида яшаб келган.

Кейинчалик, М.С. Самарқанд шаҳридаги таниши Ж.О. орқали мазкур мосламаларни умумий ҳисобда 1 миллион АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, олдиндан 200 000 АҚШ доллари сўраган. Бу шахслар ичида 1 кг симоб моддаси бўлган қўлбола усулдаги қурилмани 200 000 АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.