News time: Урушнинг 1 йиллиги, ёпиқликни истовчилар ва триллион сўмлик имтиёз

News time: Урушнинг 1 йиллиги, ёпиқликни истовчилар ва триллион сўмлик имтиёз

Иккинчи уриниш: Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Имтиёзлар кимни бойитган: қазилма бойликлардан бюджетга тушумлар 2 трлн сўмга камайди.

Президент интернетни кузатишини айтди: ундан сўз эркинлигини тугатишни сўровчилар кўп.

Ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – News time’ нинг ушбу сонида.

24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб кирганига, украин халқининг эркинлик ва ватан озодлиги учун курашга чиққанига бир йил тўлди. Бир йил олдин айни мана шу кунларда дунё жамоатчилиги Украина мудофааси яна неча соат туриб бера олиши ҳақида ўйлаётган, ҳужумга учраган пойтахт Киев ва бошқа ўнлаб шаҳарлардан келаётган хабарлар оқимини катта ҳадик билан кузатиб бораётган эди.

Украина эса туриб бера олди. Шимол, шарқ ва жанубдан бир вақтнинг ўзида ҳужумга ўтилган, бутун мамлакат бўйлаб ракеталар ёғилаётган, сафарбарлик эндигина эълон қилинган, ҳали ғарбнинг қуроллари етиб келмаган илк кунлар – Киевдаги ҳокимиятнинг ағдарилишига энг катта таҳдид палласи эди.

Кутилганидан каррасига кўп йўқотишларга учраган Россия армияси ўтган бир йил давомида Украина давлатчилигини қулатиш даражасидаги бундай таҳдидни бошқа ярата олмади. Қўшнисини яшин тезлигида таслим қилишига ишонган Путин, урушнинг иккинчи кунидаёқ украин мудофаачиларига мурожаат қилиб, улардан ҳокимиятни ўзлари ағдариб беришни сўрашга мажбур бўлди. Шу тариқа, бу уруш автократ раҳбарлар ва уларнинг атрофидагилар реал воқеликдан узилиб қолиши, мавжуд вазиятга, ўзининг ва бошқаларнинг имкониятларига нореал баҳо беришини яна бир марта тасдиқлади.

2-уриниш: Ўзбекистон дрон ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

24 феврал куни президент Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юртига ташрифи вақтида тажриба тариқасида дронлар йиғишни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, дунёда кузатилаётган хавф-хатарлар ҳаво мудофаасини янги даражага кўтариш кераклигини кўрсатяпти.

Эътиборлиси, Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳақида бундан бир йил олдин Мудофаа саноати давлат қўмитаси хабар берган эди. Хабарда “Лочин” деб аталган миллий дронлар халқаро талабларга тўлиқ жавоб бериши, кўп функцияли экани айтилганди. Лекин ўтган вақт давомида бу борада бошқа янгилик бўлмади, лойиҳанинг ҳозирги ҳолати номаълум. 

“Ҳамма ёпиб қўй дейди, йўқ, ёпмайман” — президент ОАВ ҳақида

Олий Мажлисда Конституцияни янгилаш бўйича муҳокамалар жараёни тикланди. Маълум бўлишича, ўтган йили эълон қилинган лойиҳага айрим қўшимчалар қўшилган. Масалан, маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги аниқ қоида киритиляпти. Конституция ўзгарганидан кейин, ҳокимлар маҳаллий депутатлик кенгашлари раислигидан кетади ва кенгаш аъзолари орасидан янги раис сайланади. Шу билан бирга, маҳаллий бюджетни шакллантириш ваколати ҳокимда қолади, кенгаш бюджетни ҳоким тақдимига биноан тасдиқлайди. Ҳокимлар сайлови эса бўлмайди.

Конституция лойиҳасидаги янгиликлардан яна бири – ҳукумат зиммасига очиқлик ва самарадорликни таъминлаш вазифаси юклатилади. Яъни вазирлик ва идоралар очиқ, шаффоф, қонуний ва эффектив ишлаши кераклиги конституциявий талабга айланади. Бундан ташқари, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлар ва аралашганлар жавобгарликка тортилиши ҳам асосий қонунда ёзиб қўйилади.

Очиқлик ва ошкоралик Конституцияга киритилаётган бир пайтда, яна ёпиқликка қайтишни истаётганлар ҳам кўп. Буни шу ҳафта Қаршига ташрифи вақтида президент Шавкат Мирзиёев ҳам айтиб ўтди.

“Ёпиқ давлат бўлиб, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик. Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади. Тўғри, менга бундай ишлаш қийинроқ. Ҳамма айтади, э, ёпиб қўй, дейди. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидек, прокурор, СНБ, текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?

Шунинг учун, эркинлик нафасини, оммавий ахборот воситаларини дўст биламиз. Гапирсин, адолатли гапирсин. Танқид қилсин, тўғри танқид бўлсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур. Мен ҳар куни ўқийман, интернетни ҳам ўқийман. Ким қандай гапирганини вақтим борича, қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир 10 та фикрдан 9 таси тўғри бўлиб чиқади. Бу тўғри йўналишми? Агар бизда [ОАВ] ёпиқ бўлса, сизларни ҳам ҳеч ким эшитмайди”, – деди президент мактаб жамоаси билан мулоқотда.

Бемисл солиқ имтиёзларига қарамай, газ қазиб олиш камайяпти

Ёдингизда бўлса, ўтган йили Ўзбекистонда ер ости бойликлари бўйича солиқлар анчагина пасайтирилган эди. Хусусий компаниялар учун табиий газ бўйича солиқ ставкаси 3 бараварга, нефт ва газ конденсати бўйича 2 бараварга камайган эди. Бундан мақсад – хусусий компанияларни инвестиция киритишга рағбатлантириш экани айтилганди. 

2022 йилда ер қаъридан фойдаланувчилар бир йил олдингига қараганда салкам 2 трлн сўм ёки 12 фоиз кам солиқ тўлади. Бу йўналишдаги 14 трлн сўмлик тушумнинг асосий қисми хусусий эмас, давлат корхоналарига тўғри келади. Бир қатор турдаги солиқлар прогноздан ошириб бажарилган бўлса, қазилма бойликларни ўзлаштирувчилар тўлаган солиқ миқдори прогноз қилинган даражадан 538 млрд сўмга кам бўлган.

Эътиборлиси, имтиёзлар сабабли солиқ тушуми 12 фоизга камайган бўлса ҳам, газ қазиб чиқариш 4 фоизга тушиб кетган. Газ конденсати қазиб олиш 3 фоизга камайган. Нефт қазиб олиш эса атиги 2 фоизга ошган. Расмий статистикага қараганда, бундай тенденция 2023 йил январ ойида ҳам давом этган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон Сурияга инсонпарварлик ёрдами юбордиЗилзила оқибатлари билан курашаётган мамлакатга 50 тоннага яқин ёрдам юки етказиб берилди. Охирги маълумотларга кўра, Сурия ва Туркияда жами қурбонлар сони 50 мингдан ошган. Шанба куни ўзбекистонлик қутқарувчилар отряди Туркиядан қайтди. Улар 18 кун давомида 18 кишини тирик ҳолда қутқариб олди, вайроналар остидан 200 га яқин жасадни олиб чиқди.

Тошкентда қўлга олинган стримернинг тарафдорлари унинг қўйиб юборилишини талаб қилиб, кўча юришини ўтказди. Энг қизиғи, акция иштирокчилари – болалар. Воқеа YouTube'да 380 минг обуначига эга стример – Aslamboi тахаллусли PUBG ўйинчиси ўз мухлислари билан Magic City'да учрашув ўтказганидан бошланган. Ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари 19 ёшли йигитни идорага олиб кетган. Учрашувга йиғилган 140га яқин бола эса унинг қўйиб юборилишини сўраб, ҳайқириқлар билан кўча юришини ўтказди. Воқеа якунида Асламбойга кўча юришлари тартибини бузиш моддаси билан баённома расмийлаштирилди.

Янги автомобил сотиб олганда уни онлайн тарзда давлат рўйхатидан ўтказиш ва рақам олиш мумкин бўлади. Бунда йўл ҳаракати идорасига бориб ўтириш шарт бўлмайди. Чоршанба куни президент селекторида шу ҳақда топшириқ берилди. Йиғилишда рақамлаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланди. IMEI масаласида янгилик бўлмади.